Она бўлиш орзусими ёки тузоқ? Нега баъзи аёллар фарзанд кўрганидан пушаймон бўлади?

Денгиз бўйида икки боласи билан она

Сурат манбаси, Getty Images

Она бўлиш орзусими ёки тузоқ? Нега баъзи аёллар фарзанд кўрганидан пушаймон бўлади?
    • Author, Кирсти Бревер
    • Role, BBC News
  • Ўқилиш вақти: 6 дақ

Кармен 10 ёшли ўғлини яхши кўради, лекин вақтни ортга қайтара олганимда, ҳеч қачон она бўлишни истамасдим, дейди.

"Оналик мендан соғлиғимни, вақтимни, пулимни, куч-қувватимни ва жисмимни тортиб олди", дейди у. "Бунинг баҳоси жуда баланд, товонини бир умр тўлайсан".

40 ёшлардаги бу ўқитувчи она бўлганидан пушаймон аёллардан иборат ҳамжамиятнинг бир аъзосидир.

Бу пушаймонлик ҳақида камдан-кам овоз чиқариб гапирилади. Мен билан боғланган аёллар қаттиқ танқиддан қўрқиб ва оилалари билмагани учун фақат исмлари сир қолиши шарти билан ўз ҳислари ҳақида сўзлаб беришди.

Кармен бир неча йил олдин ота-оналарга мўлжалланган умумий форумда ўз пушаймонлигини эҳтиёткорлик билан айтганида, айримлар унга ҳамдардлик билдирган бўлса, бошқалар гўё "махлуқ"дек муносабатда бўлганини айтади.

"Оскар" мукофотига номзоди қўйилган "Оёқларим бўлганда, сени тепардим" фильмида оналик билан боғлиқ ҳаддан ташқари босим ва фидоийлик масаласи диққат марказига олинган.

Актриса Роуз Бирн қизининг эҳтиёжларини қондириш ва оила пойдеворини сақлаб қолиш учун курашда ўзини ёлғиз ҳис қилаётган, бутунлай ҳолдан тойган онанинг ҳолатини маҳорат билан гавдалантирган.

"Agar oyog'im bo'lsa, seni tepgan bo'lardim" filmidan olingan surat.

Сурат манбаси, Logan White/A24

Сурат тагсўзи, Роуз Бирн босимга дош бериш қобилияти бузилган ҳолатда сурункали касал қизига ғамхўрлик қилмоқчи бўлган она Линда ролини ўйнади.

Кармен филмдаги мавзулар унга яқин эканини айтади. "Оналик – бу хоҳламасангиз ҳам бажарадиган чексиз бир иш, чунки кичкина бир инсон сизга қарам", дейди у. "Бу қочиб қутулиб бўлмас тузоққа ўхшайди".

У она бўлиш қанчалик "даҳшатли" эканини очиқча, ҳеч иккиланмай айтади. Аммо исмини ўзгартирганимиз, ўғли Тео ҳақида сўраганимда, унинг овозида яққол ёрқинлик пайдо бўлади.

"Бу афсусимнинг Теога ҳеч қандай алоқаси йўқ, у ажойиб, ёқимтой бола ва мен уни жонимдан ортиқ севаман", дейди Кармен. "Ҳеч иккиланмай унинг учун жонимни бераман. У меҳрибон, хушмуомала ва аълочи ўқувчи."

Психотерапевт Анна Матур шундай дейди: "Кўпинча аёллар оналикдан пушаймонлиги ҳақида гапиришга ўзларини руҳан тайёр ҳис қилганда, бу меҳр етишмаслигидан эмас, балки ёлғизлик, ҳолдан тойиш ёки йўқолган ўзлик ҳиссидан далолат беради".

Ўзини перфекционист деб биладиган Кармен учун "яхши фуқаро, яхши ва бахтли инсон"ни тарбиялаш масъулияти оғир.

Getty Images
Farzand ko‘rib, ona bo‘lganimdan afsusdaman, lekin o‘z farzandlarimni yaxshi ko‘raman. Ularning yo‘q bo‘lishini istamasdim, shunchaki ona bo‘lishni xohlamayman.
Ikki o‘smirning onasi
(Batafsil: BBC.COM/UZBEK da o‘qing)

Кармен ўзига Теонинг болалиги ҳеч қачон менинг болалигимдагидек бўлмайди деб ваъда берган. У "зўравонлик асосий мулоқот тили бўлган", ўзи ҳеч қачон меҳр кўрмаган камбағал ва нотинч оилада ўсган эди.

Аввалига она бўлиш "қувончли" эди, дейди у. Тео яхши ухларди, Кармен туғруқ таътилида чақалоғига ғамхўрлик қилиб ўтказган кунларидан мамнун.

Аммо ўғлида ривожланишдан жиддий орқада қолиш аломатлари пайдо бўлгач, вазият ўзгарди ва "ҳар бир оддий лаҳза кузатув ва хавотирга айланди", дейди Кармен.

"Ўзимни жуда айбдор ҳис қилдим", дейди у, "Унинг ҳаёти курашга айланиб кетишидан хавотирландим".

Охир-оқибат, Теога Кармен қўрққан касалликлар ташхиси қўйилмади ва ҳозир унинг аҳволи яхши, аммо Карменнинг айтишича, ўша пайтдаги стресс ва доимий хавотир унда аутоиммун касаллик ривожланишига сабаб бўлган.

Она ўғлчасини қучоқлаган тасвир

Сурат манбаси, Getty Images

"Оналикдан пушаймонлик: Тадқиқот" китоби муаллифи, исроиллик социолог Орна Донатнинг фикрича, оналикдан пушаймонликни меҳрсиз ва эътиборсиз ота-оналик билан тенглаштириш – юзаки хулосадир.

Донат 23 нафар она билан суҳбатлашган ва уларнинг ҳар бири оналикдан пушаймонлик ҳисси билан фарзандларига бўлган туйғулари ўртасидаги фарқни таъкидлаган. Бир неча аёл оналикдан ҳафсаласи пир бўлганини, чунки ҳақиқий ҳаёт жамият сингдирган идеаллаштирилган тасаввурга мос келмаганини айтган.

"Фарзанд кўриб, она бўлганимдан афсусдаман, лекин ўз фарзандларимни яхши кўраман... Уларнинг йўқ бўлишини истамасдим, шунчаки она бўлишни хоҳламайман", дейди тадқиқот иштирокчиларидан бири, икки ўсмирнинг онаси.

Мавжуд кам сонли маълумотлар ҳам бу ноодатий ҳолат эмаслигини кўрсатади. 2023 йилда Полшада ўтказилган тадқиқотга кўра, ота-оналарнинг 5-14 фоизи фарзанд кўриш қароридан афсусда ва агар вақтни ортга қайтариш имкони бўлганда, фарзандсиз ҳаётни танлаган бўлар эди.

Ота-оналар бу афсус ҳақида очиқ гапирмаслиги мумкин, бироқ улар интернет орқали ўз ҳамжамиятларини топмоқда.

Кармен бутун дунёдан 96 минг аъзоси бўлган "Фарзанд кўрганимдан пушаймонман" номли Facebook гуруҳига қўшилгач, ёлғиз эмаслигини тушунди.

"Оналик ширин лаҳзаларга тўла, лекин улар мен эга бўлишим мумкин бўлган эркинлик ўрнини боса олмайди", дейди гуруҳ аъзоларидан бири, Австралияда беш ёшли фарзанди билан яшовчи она Би-би-сига берган интервьюсида.

"Қизимнинг ёнида ниқобимни яхши тақиб юраман, лекин у уйқуга кетгач, эрим иккимиз бирга сифатли вақт ўтказишимиз учун қисқа фурсат пайдо бўлганда, мен ниқобимни ечаман ва ёлғиз қолишни афзал кўраман", дейди у.

Фарзандли бўлиш молиявий қийинчиликларни англатади, унинг барча мақсад ва орзулари – саёҳат қилиш, бизнес бошлаш ва инвестиция портфелини шакллантириш – четга сурилган.

"Бу алғов-далғов дунёда муносиб инсонни тарбиялашдан ташқари, бошқа ҳеч нарсага иштиёқим қолмади", дейди у.

Она фарзандининг ётоқхонаси ташқарисида даҳлизда чўккан ҳолда ўтирибди.

Сурат манбаси, Getty Images

Буюк Британияда яшовчи яна бир аёлнинг айтишича, одамларнинг бахтсиз она ҳақида туғруқдан кейинги депрессиядан азият чекаётган бўлса керак, деб ўйлаши унга "камситувчи" туюлади.

"Одамларга шундай номлаш маъқул келади. Фарзандларим улғайиб қолишган, лекин мен ҳали ҳам ўзим ҳеч қачон яшай олмаган ҳаётим учун пушаймонман. Энди бўлажак невараларимга қараш ҳақида қайғуряпман – ғамхўрлик ҳеч қачон тугамайди".

"Фарзанд кўрганимдан пушаймонман" номли Facebook гуруҳи 2007 йилда ташкил этилган бўлиб, ундаги маълумотларни аноним тарзда ота-оналар, асосан аёллар беради.

Гуруҳ модератори, америкалик 44 ёшли тадқиқотчи Жанинанинг айтишича, "мақсад ҳеч қачон ота-оналарни уялтириш ёки бирор турмуш тарзини тарғиб қилиш бўлмаган".

"Бу кўпроқ асосий суҳбатларда тилга олинмайдиган маданий ҳодисани ҳужжатлаштириш билан боғлиқ", дейди у. "Жамият катта ва фаол, чунки кўпчилик номақбул деб ўргатилган ҳис-туйғулар билан сукутда курашиб келади".

Жанинанинг айтишича, у фарзандли бўлиш борасида иккиланиб турганида, форумдаги ҳикояларни ўқиш унинг фарзанд кўрмаслик ҳақидаги қарорига таъсир қилган.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз: and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

Ирландиялик маслаҳатчи ва психотерапевт, одамларга ота-она бўлиш ёки бўлмасликка қарор қилишда ёрдам беришга ихтисослашган Маргарет ОКоннорнинг фикрича, ёш авлод фарзанд кўриш масаласига катта авлоддан тубдан фарқли ёндашмоқда.

"Бу бир танлов экани тобора кўпроқ англашилмоқда", дейди

ОКоннор. "Бу сиз бажаришингиз шарт бўлган автоматик нарса эмас".

"Менга 20-30 ёшлардаги, фарзандли бўлишни истайди-ю, бироқ қийинчиликлардан хавотирда бўлган ва буни енгиб ўтиш учун кўмакка муҳтож одамлар мурожаат қилишади", дейди у.

ОКоннорнинг таъкидлашича, аёлнинг оналик қароридан афсусланишини кўрсатиши мумкин бўлган хавфли белгиларни санаб ўтиш қийин, чунки ҳар кимнинг тажрибаси ўзига хос.

"Сиз қарорингиз тўғрилигига ўзингиз амин бўлишингиз ва буни жуфтингиз ёки ота-онангизнинг ташқи босими сабабли эмас, балки ўз асосларингиз билан қилишингиз керак", дейди у.

Шунингдек, у ҳамма ёрдамга шошилиши ҳақидаги "бутун қишлоқ ёрдам беради" деган гапга осон ишониб қолмаслик керак дейди.

"Бизга одатда "Чақалоққа қараш учун ҳаммамиз шу ердамиз" деб айтадилар, аммо кўпинча одамлар бундай қилмайди. Бу сизнинг фарзандингиз ва унинг учун ўзингиз масъулсиз", дейди у.

ОКоннорнинг айтишича, бу ролниниг нақадар улкан ва машаққатли эканини ҳисобга олсак, ота-оналарнинг афсусланиши мутлақо нормал ҳолат.

У пушаймонликнинг туб сабабини аниқлаш учун терапевтга мурожаат қилишни ва "сизни ҳеч ким муҳокама қилмайдиган хавфсиз муҳитда" гаплашиб олишни таклиф қилади.

Матурнинг айтишича, оналик пушаймонлиги доим ҳам "аниқ ёки тўлиқ маънода" ортга қайтариладиган ҳолат эмас.

"Баъзи аёлларда бу [афсусланиш] ҳисси қўллаб-қувватлаш, дам олиш, вақт ва шароитнинг ўзгариши билан юмшайди ёки сезиларли даражада ўзгаради".

"Бироқ бошқаларда бу туйғунинг унсурлари сақланиб қолавериши мумкин ва биз бу самимийликка нормал қарашимиз керак".

Ёғоч ўйинчоқ ўйнаётган чақалоқ

Сурат манбаси, Getty Images

Орна Донатнинг тадқиқоти ҳам баъзилар учун оналикдан пушаймонлик ҳеч қачон йўқолмайдиган туйғу эканини кўрсатади.

"Мен суҳбатлашган барча аёллар афсусланиш ҳисси билан бирга қўлидан келганича ҳаракат қилмоқда", дейди у.

"Бир неча йил олдин она бўлганидан афсусланадиган бир аёлдан мактуб олдим. У бир кун келиб бу ҳис йўқолади, деб умид қилмаслик унга ёрдам берганини ёзганди... у бу ҳиснинг йўқолмаслигини ҳар сафар тушуниб эзилгандан ва у билан курашгандан кўра, буни тан олишни афзал кўради".

Кармен ўз вазиятида бу туйғуни доимий деб билади, "чунки бу фидоийлик абадийдир".

Бироқ у бир неча йилдан бери терапевтга қатнайди, бу унга ўзини ва оналикка бўлган ҳис-туйғуларини қабул қилишга ёрдам берганини айтади.

"Мен энди аламзада бўлиб яшамайман", дейди у.

Ҳозир у спорт залига бориш ва дўстлари билан учрашиш учун вақт ажратади, мукаммалликка интилмасликка ҳаракат қилмоқда.

"Ниҳоят, мен "Йўқ, узр, чарчадим, бугун эртароқ ухлайман. Кечки овқатга нима хоҳласанг, еявер, даданг шу ерда" дея оладиган бўлдим".

У шундай қилганида дунё остин-устун бўлиб кетмаслигини англаб етди.

"Тео менинг оддий инсон эканимни, мукаммал эмаслигимни кўради ва бунга нормал қарайди".

Мен Кармендан ўғли билан бирга ўтказган энг бахтли онлари ҳақида сўрайман. У ҳар кеча Тео ухлашидан олдин бирга ётиб, ўтган кунни муҳокама қилишларини айтиб беради.

Тео иссиққина кўрпага ўраниб, онасининг бағрига суқилади.

"Айнан ўшанда мен Тео билан чин дилдан боғланаман ва дунёдаги энг севимли инсонимни кўраман", дейди у.

"Ўшанда ўзимни ёвуз махлуқдай ҳис қилмайман".