Толибон вазири: "Ўзбекистонда Исломнинг фақат номи қолган"

Амри маъруф ва наҳий мункар вазири Шайх Муҳаммад Холид Ҳанафий

Сурат манбаси, Social Media

Сурат тагсўзи, Афғонистон Амри маъруф ва наҳий мункар вазири Шайх Муҳаммад Холид Ҳанафий
Published
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Афғонистон Толибон ҳукумати Амри маъруф ва наҳий мункар вазири Шайх Муҳаммад Холид Ҳанафийнинг Ўзбекистон ҳақида айтган гаплари кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистонда "Исломнинг фақат номи қолган". Бу баёнот афғон сиёсий кузатувчилари ва минтақавий таҳлилчилар томонидан кескин танқид қилинмоқда.

Мақола BBC Monitoring хабари асосида ёзилди.

Баҳсли баёнот

Хабарларга кўра, Ҳанафий бу гапларни 10 июл куни Афғонистоннинг жанубий-шарқий вилоятларидан келган уламолар билан учрашувда айтган. У чиқиши давомида Толибон қурган исломий тузумни ҳимоя қилиб, уламоларни "Исломни асраш"га чақирган.

Вазирнинг фикрича, Ислом умматига раҳбарлик қилиш масъулияти уламолар зиммасида бўлиши керак. Шу билан бирга у Ўзбекистон диний уламоларини ҳам танқид қилиб, мамлакатда диний масалаларни диний уламолар эмас, балки дунёвий давлат тизими белгилаётганини иддао қилган.

Ҳанафийга кўра, Ўзбекистон бой исломий меросга эга бўлишига қарамай, унинг таъбири билан айтганда "ҳақиқий Ислом"дан узоқлашган.

Баёнот ортидан пайдо бўлган танқидлардан кейин Толибоннинг расмий ахборот манбалари ушбу гаплар акс этган видеони ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларидан ўчириб ташлагани айтилмоқда. Ўзбекистон расмийлари эса ҳозирча бу баёнотга муносабат билдиргани йўқ.

Нега айнан Ўзбекистон ҳақидаги гаплар эътибор тортди?

Кузатувчиларнинг қайд этишича, Ҳанафийнинг Ўзбекистонни тилга олиши тасодифий эмас.

Самарқанд, Бухоро ва Термиз асрлар давомида Ислом илм-фани марказлари сифатида танилган. Бу ҳудудлар Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Мансур Мотуридий каби буюк алломалар етишиб чиққан замин ҳисобланади. Шунингдек, ҳадис, тафсир, фиқҳ ва калом илмлари ривожида ҳам ушбу шаҳарлар муҳим ўрин тутган.

Шу боис, кўплаб танқидчилар Толибон амалдорининг баёнотини нафақат диний баҳолаш, балки Ўзбекистоннинг тарихий ва диний меросига нисбатан баҳсли муносабат сифатида баҳоламоқда.

Толибоннинг дунёқараши ҳақидаги баҳслар

АҚШда жойлашган Amu TV нашрининг ёзишича, Ҳанафийнинг сўзлари фақат Ўзбекистондаги диний вазиятга берилган баҳо эмас, балки Толибон ҳаракатининг кенгроқ дунёқарашини акс эттиради.

Нашр таҳлилчиларига кўра, Толибон ўзининг Ислом талқинини ҳақиқий ва ягона тўғри йўл сифатида кўради. Шу нуқтаи назардан қараганда, Бухоро, Самарқанд ва Термизни тилга олиш ҳам рамзий аҳамиятга эга бўлган.

Танқидчилар нима демоқда?

Афғонистоннинг собиқ Қочқинлар ишлари бўйича вазири Нур Раҳмон Ахлоқий мазкур баёнотни Толибоннинг ўзини бошқаларнинг иймонини баҳолайдиган мезон сифатида кўришига мисол деб атади.

Унинг фикрича, Толибон ўзини Исломнинг ягона меросхўри сифатида кўришга интилади ва бу ёндашув минтақа давлатлари учун хавф туғдириши мумкин.

Ахлоқий Ўзбекистоннинг Толибон билан яқин ҳамкорлиги ҳақида фикр билдириб, экстремистик ғоялар давлат чегаралари билан чекланмаслигини таъкидлади.

Ўзбекистон ва Толибон муносабатлари

Сўнгги йилларда Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасида Толибон билан энг фаол мулоқот ўрнатган мамлакатлардан бирига айланди.

Тошкент ва Кобул ўртасида савдо, транспорт, транзит йўлаклари, электр энергияси ҳамда хавфсизлик масалалари бўйича ҳамкорлик кучайди. Ўзбекистон Толибон маъмуриятининг муҳим иқтисодий ҳамкорларидан бири сифатида кўрилмоқда.

Бироқ айрим таҳлилчилар иқтисодий алоқалар билан бирга мафкуравий таъсир ўтказиш хавфи ҳам ортиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Ёшлар ва диний ўзлик масаласи

Revayat нашри таҳлилига кўра, Ўзбекистонда, айниқса, ёшлар орасида исломий ўзлик ва диний меросни қайта англашга қизиқиш кучаймоқда.

Нашр муаллифлари агар бу жараён радикал ғоялар билан боғланиб қолса, экстремистик қарашларнинг тарқалиши учун шароит юзага келиши мумкинлигини таъкидлайди.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз: and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

Шу нуқтаи назардан қаралганда, Толибоннинг мафкуравий таъсири ҳақидаги хавотирлар нафақат Афғонистон, балки бутун Марказий Осиё учун долзарб мавзулардан бири бўлиб қолмоқда.

Минтақа учун муҳим савол

Женевадаги БМТ қошидаги Афғонистоннинг доимий вакили Носир Андиша ҳам Марказий Осиё давлатларининг Толибон билан муносабатларни нормаллаштириш сиёсати ҳақида огоҳлантирди.

Унинг фикрича, фақат иқтисодий ва амалий манфаатларга таянган ёндашув Толибоннинг мафкуравий мақсадларини назардан четда қолдириши мумкин.

Собиқ афғон депутати ва олим Сардор Раҳмонўғлининг таъкидлашича, Ҳанафийнинг сўзлари Толибон ўз диний моделини Афғонистондан ташқарида ҳам татбиқ этилиши мумкин бўлган намуна сифатида кўришини англатади.

Ҳозирча Тошкент ушбу баёнотга расмий муносабат билдирмади. Бироқ муҳокамалар шундан далолат бериши мумкинки, Толибон билан муносабатлар энди фақат савдо ёки хавфсизлик масаласи эмас, балки мафкуравий ва маданий хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳам баҳоланмоқда.