Қирғиз-Ўзбек чегарасида йирик ҳибс: Ўнлаб масъул порахўрликда гумонланмоқда

Сурат манбаси, Rasmiy
- Author, Санжар Эралиев
- Role, bbc.com/uzbek
- Reporting from, Бишкек
- Published
- Ўқилиш вақти: 3 дақ
Қирғизистоннинг Ўзбекистон билан чегарасидаги назорат-ўтказиш масканларида ишлаган ўнлаб қирғиз ҳарбийлари ва давлат хизматчилари порахўрлик гумони билан қўлга олинган. Охирги маълумотларга кўра, ҳозир 40 нафарга яқин одам ҳибсда.
Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси улар махсус операция давомида ушланганини маълум қилди.
Маҳаллий оммавий ахборот воситалари операция вақтида отишма бўлганини ёзди, аммо расмий идора буни тасдиқламади.
Ҳодиса 5 июлда Боткен вилоятидаги "Қадамжой" ва "Чашма" назорат пунктларида содир бўлган. Амалиёт Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ва Давлат божхона хизматининг Ички текширувлар бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган.
7 июлда тарқатилган расмий видеода чегарачилар одамлардан пора олгани ёзиб олинган яширин камера тасвирлари бор. Унда назорат пункти хонасида ўтирган ҳарбий чегарадан ўтаётганлардан пул олгани, одамлар пулларни қути ёки ғаладонга солгани, ҳарбийларнинг қўлига бергани, махсус бўлинма аскарлари қуроллар билан бостириб кириб, уларни ерга ётқизиб ҳибсга олгани акс этган.
"Тинтув натижасида катта миқдорда миллий валюта, Ўзбекистон Республикаси сўмлари ҳамда АҚШ долларлари топилиб, ашёвий далил сифатида олинди. Шунингдек, қўшимча тергов ҳаракатларини ўтказиш мақсадида 'Қадамжой' назорат-ўтказиш пунктидан 17 нафар чегара хизмати ходими, Давлат божхона хизматининг 5 ходими, Ветеринария назорати хизматининг 1 ходими, 1 фелдшер ва 3 нафар фуқаро олиб келинди. 'Чашма' назорат-ўтказиш пунктидан эса 11 нафар чегарачи ва Давлат божхона хизматининг 3 нафар ходими олиб келинди", – дейилади расмий маълумотда.

Сурат манбаси, Rasmiy
Чегара пунктларида пора олиш ҳолатлари ҳақида шикоятлар аввал ҳам бўлган.
Чегара хизмати порахўрликка қарши кураш натижасида бу муаммо бартараф этилгани ҳақида бир неча бор баёнот берган. Охирги воқеа юзасидан ҳозирча муносабат билдирилмади.
Қадамжойлик журналист Азамат Абсаттаровнинг айтишича, махсус операция ташкил этилган иккита пункт орқали одамлар ва товарлар мунтазам ўтиб туради. У маҳаллий аҳоли орасида коррупциявий схемалар ва контрабанда ҳақида узоқ вақтдан бери иддаолар борлигини айтади.
"Қадамжой тумани Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти билан чегарадош. Маълумки, Қадамжой тумани ҳудудида Ўзбекистоннинг иккита анклави – Шоҳимардон ва Сўх жойлашган. Кечаги воқеага тўхталсак, Қадамжой авваллари контрабанда жуда кўп учрайдиган туманлардан бири эди. Кейинчалик чегара аниқ белгиланиб, сим тўсиқлар ўрнатилгани сабабли аввалгидек очиқ контрабанда кузатилмай қўйган. Лекин менинг тахминимча, келишган ҳолда кундалик эҳтиёж товарларини икки давлат ўртасида олиб ўтиш схемаси давом этган бўлиши мумкин. Чунки бунга ўхшаш ҳолатлар Қадамжойда аввал ҳам бор эди", – деди журналист.
Жорий йил февралда ҳам Қирғизистоннинг Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Ўш ва Андижон вилоятлари ўртасидаги "Достук" (Дўстлик) назорат пункти раҳбарини коррупцияда гумон қилиб қўлга олган эди.
Ўзбекистон ва Қирғизистон чегараси узунлиги 1314 км бўлиб, бу Қирғизистоннинг энг узун ташқи чегараси ҳисобланади. Чегара асосан Фарғона водийси орқали ўтади ва икки давлатнинг учтадан вилоятлари чегарадош, ҳамда бир нечта назорат пунктлари ишлайди.
Ҳозирча Ўзбекистон томони охирги воқеалар юзасидан муносабат билдирмаган.
Ўзбекистонда 39 миллиондан ортиқ, Қирғизистонда эса 7 миллиондан зиёд аҳоли яшайди. Расмий статистикага кўра, охирги уч йил давомида ҳар йили икки давлат ўртасида қатнаган одамлар сони ҳар икки мамлакатда 2–3 миллион атрофида бўлган. Бу кўрсаткич чегарадан кирган чет элликлар орасида энг юқори ҳисобланади.




























