'Манқурт шаҳар'. Нега Бишкекда тарихий бинолар ва меъморий ёдгорликлар бузилмоқда?

- Author, Айсимбат Токоева
- Role, Би-би-си Рус хизмати, Бишкек, Қирғизистон
- Published
- Ўқилиш вақти: 10 дақ
Қирғизистон пойтахти тарихий ўтмишни тозалаш марказига айланди: Бишкекда бир нечта йирик совет меъморчилик иншоотлари аллақачон бузиб ташланган, яна бошқа ёдгорликлар ҳам йўқолиш хавфи остида. Уларнинг ўрнида фаол тижорат қурилиши кетмоқда. Бу жараён десоветизация билан боғлиқми? Марказий Осиёдаги Совет шаҳарсозлиги намунаси ҳисобланиб келган Бишкекни олдинда нима кутмоқда? Би-би-си шу саволларга жавоб излашга уринди.
Biz - manqurt shaharmiz. Chunki o‘zini hurmat qilgan shaharlarda me’moriy yodgorliklar buzilmaydi. Ular kelajakda budjetga daromad olib keladigan kapital sifatida to‘planadi.
Ўтган йилнинг баҳорида Қирғизистон президенти Садир Жапаров кўп тармоқли Royal Central Park мажмуаси қурилиш майдонига рамзий капсула қўйиш учун борган. Бишкекдаги ушбу жой 60 минг аҳолига мўлжалланган ва 3 миллиард долларга баҳоланган.
Қурилиш майдони сифатида бир вақтлар машҳур бўлган совет ипподроми - "Ак-Кула" танланган. 1947 йилда қурилган бу мажмуа вақт ўтиши билан ташландиқ ҳолга келган, 2020-йиллар бошида ёдгорлик мақомидан маҳрум қилинган ва охирида бутунлай бузиб ташланган.
"Собиқ ипподром ҳудудида 23 мингта хонадон, 45 минг квадрат метрлик савдо маркази, шунингдек 55 қаватли тижорат ва офис биноси қуриш режалаштирилган. Бундан ташқари, мактаблар, касалхоналар, меҳмонхоналар ва бошқа ижтимоий объектлар ҳам барпо этилади. Истироҳат боғи, сунъий кўл ва яшил майдонлар ҳам кўзда тутилган" – деган Жапаров.
Ҳар қандай ипподром - катта бўш майдон. Уни шаҳарда самарали ва фойдали тарзда ишлатиш ҳақидаги далиллар оддий ва тушунарли. Аммо Бишкекдаги янги қурилишнинг ўзгачалиги шундаки, ипподромнинг ўзига хос ва танилган бинолари - кириш мажмуаси, маъмурий иморатлар ва минбарларни сақлаб қолиш ва уларни шаҳар ҳамда миллий тарихнинг бир қисми сифатида ҳар қандай лойиҳага қўшиш мумкин эди.
"Ак-Кула" ипподроми ҳақида: бу ерда шаҳар ва дала, замонавийлик ва кўчманчи анъаналар уйғунлашади, деб айтиларди. Совет даврида бу нафақат спорт майдони, балки отчилик саноатида муҳим таркибий қисм эди. Бу ерда анъанавий қирғиз от мусобақаcи - кўкбору ўтказиларди. Ташқаридан қараганда бу жой Қирғизистоннинг тарихи ва миллий ўзлигини рамзий тарзда намоён этувчи идеал маскан эди.

Сурат манбаси, Anna Karamurzina
Бироқ "Ак-Кула"ни ҳеч бўлмаса хотира сифатида сақлаш ҳақидаги далиллар қабул қилинмади. Ипподром бузилишидан олдин Бишкеклик Алексей бинодан витражларни сақлаб қолишга ҳаракат қилиб, шаҳар ҳокимиятига мурожаат йўллаган. Унинг айтишича, шаҳар раҳбарияти ва мэрия ходимлари витражлар мавжудлигини ҳам билмас эди. Мэрия унинг мурожаатини бошқа маҳаллий орган - туман ҳокимиятига йўналтирди. Бюрократик кечикишлар сабаб ипподром бутунлай бузилди.
"Қадриятни ипподром раҳбарлари ҳам, қурилиш бригадири ҳам, ишчилар ҳам кўрмади. Улар витражларни деворлар билан бирга бузиб ташлаб, қурилиш чиқиндиси остига кўмишди" - деб эслайди Алексей.
Нимани ёдгорлик деб ҳисоблаш мумкин?
2021 йилдан бери Бишкек ва унинг аҳолиси камида тўққизта йирик тарихий бинодан айрилди, деб ҳисоблашади журналистлар ва шаҳаршунослар. Бузилган иншоотларнинг кўпчилиги "сталин ампири" услубида қурилган эди.
"Эркин-Тоо" босмахонаси, яъни1931 йилда қурилган "Матбуот уйи" ҳам бузилди. Бу ерда Қирғизистоннинг биринчи газетаси ва кейинчалик республикадаги бошқа нашрлар чиқарилган. 2015 йилда босмахона ёдгорлик мақомидан маҳрум қилинди: Маданият вазирлиги объект меъморий, шаҳарсозлик ва тарихий-маданий қимматини йўқотган ва тикланиши мумкин эмас, деб билдирди.
1939 йилда қурилган Куренкеев номли мусиқа билим юрти биноси ҳам бузилди. Бу ўқув юрти мамлакатда ягона бўлиб, профессионал мусиқачиларни - концертмейстерлар, мусиқа ўқитувчилари, халқ ва симфоник оркестр артистларини тайёрларди.
Шунингдек, учта таниқли ёдгорлик йўқолди, уларни бузишга аниқ амалий сабаб йўқ эди: "Меҳмон кутиш" мозаикаси, Эман боғидаги қадимий фавворалардан бири ва Айтматов номидаги Рус драма театри деворидаги барельеф.
Архитектура профессори Айгул Насирдинова таъкидлашича, тарихий биноларга бундай муносабат Бишкекни "бир марта ишлатиладиган шаҳар"га айлантиради, у турфа хиллик маданий кодини йўқотади.
"Биз - манқурт шаҳармиз. Чунки ўзини ҳурмат қилган шаҳарларда меъморий ёдгорликлар бузилмайди. Улар келажакда бюджетга даромад олиб келадиган капитал сифатида тўпланади", - дейди Насирдинова.
Манқурт - Чингиз Айтматовнинг "Асрга татигулик кун" романидаги хотирасиз, синдирилган одам. Бу сўз миллий ўзлигини, тарих ва маданият билан боғлиқликни йўқотган кишини англатадиган умумий атамага айланган.

Сурат манбаси, Universal Images Group
Тарих бизнесга ютқазмоқда
"Ёдгорликларни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги қонунга кўра, ҳар қандай объект бир марта ва абадий ёдгорлик мақомини олади. Аммо қонуннинг 36-моддасида айтилишича, агар ёдгорлик табиий офат натижасида тўсатдан вайрон бўлса ва унинг тарихий, илмий, бадиий ёки бошқа қиммати йўқолиш хавфи туғилса, тарихий-маданий мерос объектларини бузиш ва қайта қуриш ҳукумат рухсати билан мумкин.
Айнан шу модда ҳукумат ва махсус комиссиялар томонидан меъморий ёдгорликлар мақомини олиб ташлашда ишлатилади.
Архитектура профессори Айгул Насирдинованинг айтишича, тарихий бинолар бузилганда биринчи навбатда қурилиш компаниялари ғолиб чиқади. Бишкекдаги кўп тарихий бинолар шаҳар марказида жойлашган, бу ерда квадрат метр нархи энг баланд.
"Кўп ҳолларда меъморий ёдгорликлар давлат мулки ҳисобланади, уларни хусусийлаштириш мумкин эмас. Улар шаҳар марказида катта майдонларни эгаллайди", -дейди Насирдинова. Аммо агар ёдгорлик бузилган ва тикланиши мумкин бўлмаса, унинг ўрнида исталган нарса қуриш мумкин. "Меъморий ёдгорликлар бизнесга ютқазмоқда", - дея қўшимча қилади профессор.
Фаоллар ва кузатувчиларнинг фикрича, бу жараёндаги асосий омиллардан бири — коррупция. Transparency International ташкилоти маълумотларига кўра, Қирғизистон бу борада доим муаммоли давлатлар қаторида турибди.

Сурат манбаси, Dmitry Motinov for BBC Russian Service
"Бу ерда қисқа муддатли иқтисодий фойдани кўзлаган прагматик мантиқ устун. Афсуски, ҳозирги тизимда квадрат метр қиммати тарих ва маданиятнинг маънавий қимматидан устун келмоқда. Шуни тушиниш керакки, сақланган миллий ўзлик, бу узоқ муддатли фаол, келажакда туризм ва ҳаёт сифатини ошириш орқали шаҳарга анча кўпроқ фойда келтиради, тезкор қурилишдан кўра".
Сўнгги беш йилда Қирғизистонда қурилиш лойиҳалари кўлами сезиларли ошди. Қурилиш мамлакат ЯИМ ўсишининг асосий омилларидан бирига айланди. Охирги уч йилда ЯИМ 1 триллион сомдан (11 миллиард доллар) деярли 2 триллион сомгача икки бараварга ошди. Ҳукумат маълумотларига кўра, 2025 йилда мамлакат иқтисодиёти 11%га ўсди. Қурилиш соҳасида эса ўтган йили ўсиш 21%дан ортиқ бўлди.
Бишкек қандай меъморчилик билан машҳур?
Бишкек (аввалги Пишпек) 1878 йилда шаҳар мақомини олган. XX аср бошигача бу бир қаватли аҳоли пункти бўлиб, фақат баъзи икки қаватли маъмурият бинолари ёки бой савдогарлар уйлари бор эди.
Шаҳарнинг асосий ривожланиши совет даврига тўғри келди, ҳозир Бишкекда 1917 йилгача қурилган уй ва иншоотлардан фақат озгина қисми сақланиб қолган.

Сурат манбаси, Dmitry Motinov for BBC Russian Service
Архитектор Айбек Сидиқовнинг айтишича, Бишкек меъморчилиги совет модернизми ва "сталин ампири" услубидаги уйлари билан машҳур (СССРда 1930–1950-йиллардаги йўналиш).
"Қирғизистон давлат цирки (1976) шаҳардаги совет модернизмининг энг танилган намунасидан бири. Бу айлана шаклдаги бино бўлиб, унинг томи "учар ликопча"га ўхшайди", - дейди архитектор.
Унинг таъкидлашича, "Фрунзе модернизми" деб аталадиган 1960–1980-йиллар меъморчилиги Бишкек учун ўзига хос қатлам бўлиб, бу шунчаки "совет қутилари" эмас.
"Бу халқаро услубни маҳаллий шароитга мослаштириш эди: қуёшдан ҳимоя панжалари, бетон билан ишлаш, миллий нақшлар. Масалан, Т. Сатилганов номидаги Қирғиз давлат филармонияси, катта концерт зали бўлиб, унинг фасади кучли геометрик шакллар ва рельефли безаклар билан тўлдирилган, бу совет модернизмига хос", - деп мисол келтиради у.

Сурат манбаси, Dmitry Motinov for BBC Russian Service
Совет бетон услуби ва модернизми постсовет маконида севимли услублардан эмас. Чет эллик тадқиқотчилардан фарқли равишда, маҳаллий аҳоли ўз муҳитининг қулайлиги (ёки ноқулайлиги)га эътибор қаратса, ҳукумат кўпинча муаммоларни ҳал қилишнинг энг оддий йўлларини излайди.
"Янги Қирғизистон"
Катта лойиҳалар ва ташаббуслар бошланганда президент тарафдорлари ва унинг ўзи кўпинча "Янги Қирғизистон"ни тилга олади.
Бу Жапаровнинг норасмий стратегияси бўлиб, унда ЯИМ ўсиши, модернизация ва туризмни ривожлантириш каби мақсадлар кўрсатилади. Бу янги миллий идеологияга уйғунлаштирилади ва қирғизларнинг қадимий тарихига ишора қилади.
"Ҳозир аниқ исботланганки, қирғиз давлатчилиги милоддан аввалги биринчи минг йиллик охирида пайдо бўлган. Шундан бери қирғизлар турли даврларда ўз давлат тузилмаларига эга бўлиб, ривожланиш босқичларидан ўтган [...] 1917 йил Октябрь инқилоби, СССР ташкил топиши ва Марказий Осиёда миллий чегаралаш сиёсати қирғиз халқининг давлатчилигини янги маънода англашга туртки бўлди" – деган Садир Жапаров.
У ташқи рамзлар ва мамлакат қиёфасининг аҳамиятини алоҳида таъкидлайди. 2021 йилда президент бўлганидан кейин у президент маъмурияти учун янги бино қуриш зарурлигини эълон қилди. Янги комплекснинг расмий очилиши 2024 йил августда бўлиб ўтди. Бу бино аввал ёдгорлик мақомига эга бўлган "Иссиқ-Кўл" меҳмонхонаси ўрнида қурилди.
Шаҳар аҳолиси ва архитекторлар жамоасининг норозилигига ўша пайтда президент матбуот котиби Эрбол Султанбаев жавоб бериб, янги маъмурият биноси қурилиши - мамлакат обрўси масаласи эканини айтган.
"Чет элларга борганда уларнинг маъмурий комплекслари ва меъморчилигини қизиқиш билан томоша қиламиз. Худо хоҳласа, энди меҳмонлар ҳам бизга шундай ҳайрат билан қарашади" – деган у.

Сурат манбаси, Administration of the President of Kyrgyzstan
Сўнгги беш йилда ҳукумат янги маъмурий бинолар қуришга ўнлаб миллион доллар сарфлади.
Рамзларга эътибор давлат байроғини ўзгартиришда ҳам кўринди (радикал бўлмаса ҳам, лекин турли норози фикрларга сабаб бўлди). 2024 йилда янги гимн қабул қилиш ташаббуси ҳам кўтарилди (ҳозир махсус комиссия вариантларни кўриб чиқмоқда).
"Ҳозирги гимн муаллифлари Қирғизистон мустақиллик йўлига тушгани ва халқ тақдири ўз қўлида экани ҳақида қувончли ва ҳаяжонли сатрларни ёзган. Лекин 33 йил ўтди, биз тўлақонли давлатга айландик, бутун дунё биз ҳақимизда билади. Биз икки юз йилдан кейин ҳам эркинлик ва мустақилликка эришганимиз ҳақида қўшиқ айтамизми? Энди келажак авлод учун халқимизнинг беш минг йиллик тарихи ҳақида гимн ёзишимиз мумкин эмасми?" – деган президент Жапаров.
2026 йил 14 апрелда у мамлакат жанубига сафар вақтида "Келаси йил Қирғизистондаги барча аҳоли пунктлари совет ва рус номлари ўзгартирилади" деган. Кейинроқ матбуот котиби Аскат Алагозов президентни нотўғри тушунишганини билдирган, гап фақат қишлоқларга шахслар исмини беришни вақтинча тақиқлаш ҳақида бўлганини айтган.

Сурат манбаси, Dmitry Motinov for BBC Russian Service
Ўтган йили Қирғизистоннинг иккинчи йирик шаҳри – Ўшда Владимир Лениннинг 23 метрлик ҳайкали олиб ташланганда баъзи экспертлар мамлакатда десоветизация бошланганини айтишган. Айни дамда у Лениннинг Марказий Осиёдаги энг баланд ҳайкали эди. Ленин кўчаси номи Алимбек дотқоҳ кўчаси дея ўзгартирилиши ҳам муҳим рамзий қарор сифатида кўринган.
Бироқ Бишкекдаги туманлар ҳали ҳам совет давридаги номлар билан аталади: Октябрь, Биринчи май, Свердлов ва Ленин. Шаҳар марказида Ленин ҳайкали ҳам сақланиб қолган. Бундан ташқари, Жапаров нутқларида "давлатчилик асосчилари, Совет Иттифоқи қаҳрамонлари, наср усталари, халқ қаҳрамонлари"ни тилга олишда давом этмоқда. Шунинг учун совет меъморчилигини бузиш ва йўқотишни муайян идеологик дастур деб аташ ҳозирча эрта.
"Қирғизистонда десоветизация жараёни сиёсат даражасида онгли ва мақсадли тарзда кетмаяпти, - дейди "Эсимде" тадқиқот лойиҳаси раҳбари Элмира Абилбек. - Турли муҳокамалар бор, лекин давлат даражасида эмас. Биз ҳали ҳам собиқ метрополиямизга ҳурмат билан муносабатдамиз. Лекин "ўзликка қайтиш" жараёнлари фаол кетмоқда: тил, маданият, тарихни сақлаш ва ривожлантириш. Бу албатта қарши чиқиш жараёни эмас, айниқса агрессив тарзда эмас, балки ўз субъектлигини тиклаш жараёни".
Реновация
Тарихий бинолар бузилгандан кейин Бишкекда турар-жой уйларини – "хрушёвка"ларни реновация қилиш ҳақида гап бошланди. Совет даврида қурилган уйларни бузиш режаси ҳақида Қирғизистон ҳукумати 2024 йил охирида эълон қилди. Давлат қурилиш қўмитаси (ҳозирги Қурилиш ва меъморчилик вазирлиги) раҳбари Нурдан Орунтаев журналистларга айтишича, Бишкекда совет даврида қурилган уйлар 50–70 йилга мўлжалланган. Ҳукумат реновация янги бош режа қабул қилинганидан кейин бошланишини ваъда қилди.
Меъморчилик профессори Айгул Насирдинова таъкидлашича: Бишкекнинг қурилиши "тартибсиз ва назоратсиз жараён".
СССР парчаланганидан кейин Бишкекда 2000-йиллар бошигача янгиланган бош режа ишлаб чиқилмади ва қабул қилинмади. Бу даврда шаҳар шаҳарсозлик ҳужжатларисиз қурилиб ва ривожланиб борди, шаҳар ҳокимияти кўпинча 1970 йилда қабул қилинган бош режага таянади.
Қирғизистон мустақиллиги тарихида биринчи бош режа 2006 йилда тасдиқланди ва 2025 йилгача амал қилди.
Амалдаги бош режа ва бошқа шаҳарсозлик ҳужжатлари йўқ бўлишига қарамай, Бишкек инфратузилмасини модернизация қилиш катта кўламда бошланди. Масалан, Ғарбий авто-вокзал бузилди, Шарқий автовокзал реконструкция учун ёпилди. Шаҳар аҳолиси учун янги автовокзал шаҳар четида қурилди.
Пойтахтдаги энг катта ва энг қадимий бозорларидан бири - "Ўш бозори" ҳам шаҳар ташқарисига кўчирилмоқда. Шарқ услубида қурилган савдо мажмуаси 40 йилдан ортиқ ишлаган. Ҳукумат бозор бузилгандан кейин бу ерда истироҳат боғи ва касалхона қуришни ваъда қилган. Аммо 24 апрелда қабул қилинган Бишкекнинг янги бош режасида бозор ўрнида турар-жой уйлари ва бизнес майдони режалаштирилган.
"Бишкекбошархитектура" ва шаҳар ҳокимиятининг матбуот хизмати BBCга шаҳар қурилиши ва янги бош режа ҳақида изоҳ беришдан бош тортди.
Бишкек 2020 йилда жонландими?

Сурат манбаси, Dmitry Motinov for BBC Russian Service
"Ижодкорлар уйи" - уч қаватли, оч пушти рангдаги бино, фасадини рим услубидаги икки оқ устун безаб туради. Бу бино 1953 йилда Фрунзе (Қирғиз ССР пойтахтининг совет давридаги номи)да қурилган.
Мустақил Қирғизистон ҳукумати бу бинога меъморий ёдгорлик мақомини берган. 30 йил ўтиб, "Ижодкорлар уйи" пойтахтдаги бошқа тарихий бинолар тақдирини такрорлаш хавфига дуч келмоқда.
Бузилиш хавфи март ойи бошида пайдо бўлди: шаҳар ҳокимияти бинодаги ерни президент маъмурияти ихтиёрига беришга қарор қилди, кадастр ҳужжатларида эса бу ерда умуман бино йўқлиги ҳақида маълумот пайдо бўлди. Қирғизистон рассомлар уюшмаси хавотирга тушиб, судга мурожаат қилди. 29 апрелда суд шаҳар ҳокимияти ҳаракатларини қонуний деб топди.
71 ёшли рассом ва Қирғизистонда хизмат кўрсатган маданият арбоби Гулнара Мусабайнинг айтишича, бу жой ҳар доим республика рассомлари учун ижодий ва ташкилий марказ бўлган.
Мусабай 1980 йилдан бери "Ижодкорлар уйи"да ишлайди, у Ленинграддаги В.И. Мухина номидаги санъат ўқув юртини тугатиб Фрунзега қайтган.
"Бу ерда галерея, кўргазма зали, графика устахоналари ва [совет даврида] кутубхона бор эди. Кечки расм дарслари, ўқув студиялари, мастер-класслар, кўргазмалар ўтказиларди. Ертўлада графика устахоналари бор, машҳур графиклар шу ерда ишлаб, асарларини чоп этарди", - дейди Мусабай.
Рассом ва унинг ҳамкасбларининг таъкидлашича, "Ижодкорлар уйи" бошқа тарихий бинолар каби Бишкек хотирасини сақлаш учун зарур.
"Бу биноларсиз қандай бўлади? Ҳозир уларни йўқ қилиб, яна бир хил уйлар - темир-бетон қутилар қуришади, тамом. Шунда Бишкек гўё 2020 йилда пайдо бўлгандай кўринади. Ундан олдин нима бор эди? Қайси тарих, қайси меъморчилик?" - деб куйинчаклик билан гапиради Мусабай.
Қабул қилинган бош режада "Ижодкорлар уйи" ўрнида кўп қаватли турар-жой уйларини қуриш режалаштирилган. Шунингдек, 1950-йилларда қурилган собиқ Иқтисодиёт вазирлиги биноси ўрнида ҳам турар-жой қурилиши кўзда тутилган.
Президент маъмурияти ер участкаси тақдири ҳақида Би-би-сига изоҳ беришдан бош тортди. "Ҳозирча интервью беришни раҳбаримиз катта иш юки сабабли вақтинча тақиқлади", - деди матбуот хизмати.

Сурат манбаси, Dmitry Motinov for BBC Russian Service
Меъмор Айбек Сидиқовнинг айтишича, Бишкекка меросни иқтисодиётга уйғунлаштирган аниқ стратегия зарур.
"Биз эски биноларни "харобалар" ёки "прогрессга тўсиқ" сифатида қабул қилишни тўхтатишимиз керак. Жаҳон амалиётида улар жойнинг руҳини (Genius Loci) яратадиган асосий объектлар. Биз тарихни капиталга айлантиришни ўрганишимиз керак, уни бузиб, ғишт нархида сотиш эмас. Бишкекнинг келажаги - унинг ўзига хослигида, қиёфасиз мегаполисларга тақлидда эмас", - дейди у.
"Агар орқа фондаги тоғларни олиб ташласак, Бишкекнинг кўплаб янги туманлари суратларидан у қаерлигини билиш мушкул. Новосибирск четими, Остона ёки Истанбул
атрофими… Бу - биз айтган "қиёфасизлик". Шаҳар ўз ДНКсини йўқотмоқда, бир қолипдаги қарорлар йиғиндисига айланмоқда", - дея хулоса қилади эксперт.






























