Ўзбекистон ва Марказий Осиё: Жазирама иссиқ рекорд даражага чиқиши мумкин

Тошкент кўчаларида сув пуркаётган машиналар.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Марказий Осиё бўйлаб кузатилаётган кучли иссиқ ҳаво тўлқини ҳукуматлар ва маҳаллий ҳокимиятларни фавқулодда чораларни кўришга мажбурламоқда.
Published
Ўқилиш вақти: 5 дақ

Ўзбекистон дохил Марказий Осиё мамлакатларида ноодатий равишда кучли иссиқ ҳаво кузатилмоқда. Ҳавошунослар айрим ҳудудларда ҳаво ҳарорати 40-49 даражагача кўтарилиши мумкинлигини айтишган.

Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон расмийлари аҳоли, йўллар ҳамда жамоат хизматларини ҳимоя қилиш чораларини кўришмоқда.

Ўта иссиқ ҳаво соғлиқни сақлаш тизими, электр тармоқлари ва ёнғинларни ўчириш хизматларига босимни кучайтирган.

Баъзи ҳудудларда болалар боғчалари ёпилди, асфальт йўллар орқали оғир юк машиналари ҳаракати чекланди ва ҳавони совутиш амаллари йўлга қўйилмоқда.

Синоптиклар баъзи ҳудудларда ҳарорат рекорд даражага етиши мумкинлигидан огоҳлантиришган.

Марказий Осиё бўйлаб тарқалаётган кучли иссиқ ҳаво тўлқини ҳукуматлар ва маҳаллий ҳокимиятларни аҳоли, инфратузилма ҳамда жамоат хизматларини муҳофаза қилиш учун фавқулодда чораларни кўришга мажбурламоқда.

Мақола BBC Monitoring хабари асосида ёзилди.

Ўзбекистон: айрим ҳудудларда боғчалар ёпилди

Болалар боғчасида стол устидаги ўйинчоқлар

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиши сабабли бир неча вилоятларда боғчалар ёпилди.

Ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиши сабабли бир неча вилоятларда боғчалар ёпилди. Gazeta.uz нашрининг хабар қилишича, Хоразм вилояти ҳамда Навоий вилоятининг айрим туманларида давлат боғчалари фаолияти вақтинча тўхтатилган.

Skip podcast promotion and continue reading
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

Gazeta.uz га кўра, Хоразм вилоятидаги барча давлат боғчалари 14-17 июл кунлари ёпилган ва 20 июлдан ишини қайта бошлаши кутилмоқда. Навоий вилоятида эса чекловлар Учқудуқ ва Нурота туманлари, шунингдек Томди ва Конимех туманларидаги айрим боғчаларга татбиқ этилган.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги маҳаллий ҳокимиятлар қарорларни об-ҳаво маълумотлари, маҳаллий вазиятни баҳолаш ва санитария текширувлари асосида қабул қилаётганини билдирди.

Вазирлик матбуот котиби Дилфуза Собированинг Gazeta.uz келтирган сўзларига кўра, маҳаллий расмийлар вазиятни кўриб чиқиб, ўрганиб, кейин мустақил қарор қабул қилишади.

"Бу боғчалар албатта 100 фоиз ёпилади, дегани эмас", дея илова қилган Дилфуза Собирова.

Бухоро вилоятида ҳам ҳаво ҳарорати 44-45 даражагача чиқиши кутилаётгани боис 15-17 июль кунлари боғчалар ёпилиши маълум қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистонда йўлларни муҳофаза қилиш ва ёнғинларнинг олдини олиш бўйича ҳам чоралар кўрилмоқда. Podrobno.uz 15 июлда Қашқадарё вилоятида 09:00 дан 19:00 гача оғир юк машиналари ҳаракати чекланганини хабар қилди.

Маҳаллий ҳокимият маълумотига кўра, кундузги ҳарорат 42-44 даражага етган, асфалт қопламаси эса 70-75 даражагача қизиб, оғир транспорт таъсирида шикастланиши мумкин.

Бундан аввал Сурхондарё вилоятида ҳам куннинг энг иссиқ пайтида юк машиналари ҳаракати тақиқланган эди.

Oblakouz - Uzbekistan News телеграм каналига кўра, юқори ҳарорат ва электр тармоқларига ошган босим сабабли мамлакатда ёнғинлар сони кўпайган.

"Қизиб кетган симлар, кондиционерлар ва носоз газ жиҳозлари бундай ёнғинларга сабаб бўлиши мумкин", дейилади ушбу каналда.

Шу куни канал Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида юз берган дала ёнғини тахминан 150 гектар майдонга тарқалганини ҳам хабар қилди.

"Ҳаво ҳарорати рекорд даражага чиқиши мумкин"

Айни пайтда ҳаво ҳарорати янада кўтарилиши мумкинлиги айтилмоқда. Tashkent_Land телеграм канали 18-19 июль кунлари Бухорода ҳарорат 48-49 даражагача, Тошкентда эса 45-46 даражагача чиқиши мумкинлигини маълум қилди.

Айтилишича, агар бу башорат тасдиқланса, Бухорода 1986 йил 16 июлда қайд этилган 48,0 даражалик мутлақ рекорд янгиланиши мумкин. Тошкентда эса 1997 йил 18 июлда қайд этилган 44,6 даражалик рекордга яқинлашиш эҳтимоли бор.

Қозоғистон: жанубда ҳарорат 45 даражагача кўтарилиши эҳтимоли бор

Кўчада ўрнатилган душ остида салқинланаётган одамлар.

Сурат манбаси, Getty Images

Қозоғистонда кучли иссиқ ҳаво тиббий хизматларга босимни ошириб, янги ҳарорат рекордларига сабаб бўлди.

Tengrinews.kz нашрининг хабар қилишича, пойтахт Остонада 14 июл сўнгги 34 йил ичидаги энг иссиқ кун бўлди. Ҳаво ҳарорати 38,6 даражага етган.

Nur.kz нашрининг ёзишича, собиқ пойтахт Олмаотада иссиқ тўлқини давомида тез тиббий ёрдам чақирувлари кўпайган. Июл ойининг дастлабки икки ҳафтасида 33 600 дан ортиқ чақирув қайд этилган.

Олмаота соғлиқни сақлаш бошқармаси аҳолини ўз саломатлигини диққат билан кузатишга чақирди.

Қозоғистон жанубида ҳарорат 45 даражагача кўтарилиши мумкин. Бошқа минтақаларда эса момақалдироқ, дўл ва чанг бўронлари рўй бериши кутилмоқда.

Чимкент шаҳрида маҳаллий ҳокимият иссиқ таъсирини камайтириш мақсадида кўчаларга сув сепиш ишларини йўлга қўйган.

Time.kz нашрининг хабар беришича, иссиқ ҳаво ёнғинлар ва электр таъминотида узилишлар хавфини ҳам оширган.

Тожикистон

Болалар сув тўла ҳовуз томон югуриб кетишмоқда.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ўта иссиқ ҳаво туфайли ҳамма ўзини совутиш йўлини изламоқда.

Тожикистондаги Asiaplus.news нашри бир неча кунлик ёмғир ва момақалдироқдан кейин 16-20 июль оралиғида ҳарорат яна кўтарилиши кутилмоқда, деб хабар қилди.

Ҳавошунослар водий ҳудудларида 41-46 даража, пойтахт Душанбеда эса 43 даражагача иссиқ бўлишини башорат қилишмоқда. Мамлакат гидрометеорология маркази маълумотига кўра, 45 даража ва ундан юқори ҳарорат хавфли ҳисобланади.

Хатлон вилоятида экологлар, кўнгиллилар ва маҳаллий аҳоли халқаро автомобиль йўли бўйлаб экилган минглаб дарахтларга сув бериб, уларни кучли иссиқдан асрашга ҳаракат қилишоқда.

Қирғизистон: кўчаларга сув пуркалмоқда

Ҳовуз бўйида ҳордиқ чиқараётган шаҳарликлар.

Сурат манбаси, Getty Images

Қирғизистон маҳаллий нашрларининг хабар беришларича, 15 июлда Ош шаҳри ҳокимияти кучли иссиқ таъсирини юмшатиш мақсадида кенг кўламда кўчаларга сув пуркаш ишларини бошлашган.

Ош-Тазалык коммунал хизматига тегишли махсус техникалар шаҳар бўйлаб йўл ва жамоат жойларига сув сепмоқда. Бу ҳақда тарқатилган видеолар ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.

Кампаниянинг мақсади куннинг энг иссиқ вақтларида йўл қопламасини совитиш ва аҳоли зич яшайдиган ҳудудларда ҳарорат таъсирини камайтиришдан иборат эканлиги айтилган.

Туркманистон: бир ҳафтадан ортиқ вақт давомида ҳаво ҳарорати 40 даражадан юқори

Кун тиғизида масжид ўнгидан ўтиб бораётган оқ рўмол ўраган аёл.

Сурат манбаси, Getty Images

Hronikatm.com веб-нашри Туркманистонинг катта қисмида бир ҳафтадан ортиқ вақт давомида ҳаво ҳарорати 40 даражадан юқори сақланиб қолаётганини ва айрим жойларда 49 даражагача кўтарилиши мумкинлигини хабар қилди.

Хабарда жанубий Мари ва шарқий Лебап вилоятларининг айрим ҳудудларида июл ойи ҳарорат рекордлари янгиланиши мумкинлиги айтилган.

Orient.tm нашри маълумотига кўра, миллий гидрометеорология хизмати 13-19 июл кунлари 45-48 даража иссиқ, кучли шамол ва чанг кўтарилиши ҳақида огоҳлантирган.

Мутасаддилар ташкилотлар ва аҳолига хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлаш, ёнғин хавфсизлигига доир ҳушёрликни ошириш, етарли миқдорда суюқлик истеъмол қилиш ва имкон қадар куннинг ўртасида тўғридан-тўғри қуёш нурлари остида узоқ қолмаслик тавсия қилинган.