Тоқат қилиб бўлмас жазирамада қандай жон сақлаш керак? Ҳиндистон тажрибаси

Тук-Тук ҳайдовчиси Муҳаммад Умар
Сурат тагсўзи, Тук-Тук ҳайдовчиси Муҳаммад Умар бирор бир кунни ҳам ишдан қолдирмасликка ҳаракат қилади, аммо иссиққа чидолмаганимдан кўчага чиқолмадим, дейди у.
    • Author, Nikita Yadav
    • Reporting from, Dehli
  • Published
  • Ўқилиш вақти: 6 дақ

Деҳли шаҳрида тушдан кейин ҳаво куйдиради. Аммо ўта гавжум бозорларда икки қарама-қарши дунёни кўрасиз.

Бир тарафда ялтираган, топ-тоза, ичига кондиционер салқин ҳавони уриб турган дўконлар.

Дўконлар ичида ўзини ташқаридаги жазирамадан асраш мақсадини ҳам кўзлаб кирган мижозлар кийимлар қаторини секин айланиб томоша қиладилар.

Бошқа томонда эса ёнаётган қуёш тиғлари остида кўчадаги мева-сабзавот, музқаймоқ сотувчилари, велосипед рикша - Тук-тук ҳайдовчилари ҳаво ҳарорати 40 даражадан кўтарилиб кетган бўлса-да, пул ишлаб топиш учун ишларини давом эттиришга мажбурлар.

Тушдан кейин бозор бўйлаб юришнинг ўзи ҳам силлани қуритади. Аммо Деҳли шаҳридаги миллионлаб норасмий ишчилар учун ўзини қуёш жазирамасидан паноҳга олиш имконсиз нарса.

Ҳиндистондаги ишларнинг қарийб 90%и норасмий - инсонлар ҳеч ким билан шартнома имзоламайди, иш хавфсизлиги таъминланмаган, кунлик даромад топиш учун эртадан-кечгача ташқарида бўлишлари талаб қилинади.

Улардан бири 52 ёшли Ҳариш Чандра.

У токи жазирама мажбурламагунча Деҳлининг тиқилинч кўчаларида велосипед рикшаси педалларини айлантириб киракашлик қилади.

Бозор ёнидаги соя остига бориб тин олишдан олдин у кўчадаги крандан сув олиб юзига сачратади.

"Тана дош беролмаяпти", дейди у.

Юпқа, унниқиб кетган пахта кийим кийган Чандра айтишича, Деҳлининг ёз фасли йил сайин тобора тоқат қилиб бўлмас даражага етаётганини ҳис қилмоқда.

"Менинг иш куним эрталаб соат тўққизларда бошланади, бу пайтдаги иссиққа чидаш мумкин. Аммо тушга бориб қийинлашади. Қуёш шундай қаттиқ қиздирадики, баъзан педал босаётганимда жоним танамдан чиқиб кетаётгандек туюлади", — дейди у.

"Лекин тўхтасак, пул тополмаймиз", — дейди Чандра. — "Пул топмасак эса, оиламиз оч қолади".

Яқинда у хотини ва уч фарзандини Биҳар штатидаги қишлоғига юборди. Унинг айтишича, у ерда ҳам ҳарорат юқори, аммо жойлар очиқ бўлгани ва ҳаво яхши айланиши туфайли у ерда жазирамани Деҳлининг тор маҳаллалари ва тиғиз кўчаларига қараганда енгилроқ ўтказишга ёрдам беради.

Чандрага ўхшаган, вақтини асосан очиқ ҳавода ўтказадиган ишчилар учун ёз эндиликда шунчаки фасл эмас, балки тирик қолиш учун йиллик кураш даврига айланиб бормоқда.

Ҳиндистонда иссиқ мавсум одатда апрелдан июл бошигача давом этади, шундан сўнг Муссон ёмғирлари енгиллик олиб келади. Аммо иқлимшунос олимлар айтишича, глобал исиш таъсирида Жанубий Осиёдаги иссиқ тўлқинлари кучайиши сабабли экстремал иссиқлик давомийлиги узаймоқда, кучайиб бораяпти ва тобора башорат қилиб бўлмас тус олмоқда.

Қуёшнинг тўғридан-тўғри нурларидан ўзларининг бошларини одамлар соябон ва рўмоллар билан ҳимоя қиладилар

Сурат манбаси, Hindustan Times via Getty Images

Сурат тагсўзи, Қуёшнинг тўғридан-тўғри нурларидан ўзларининг бошларини одамлар соябон ва рўмоллар билан ҳимоя қиладилар

Жаҳон Соғликни сақлаш ташкилотининг собиқ бош илмий ходими доктор Саумя Сваминатан яқинда ANI ахборот агентлигига берган интервюсида айтишича, Ҳиндистонда қайд этилаётган ҳароратлар ҳозирда «инсон тоқатлилиги» чегарасига яқинлашаяпти ва «ҳаёт ҳамда тирикчиликка таҳдид» солаяпти.

Май ойи ўрталаридан бери Деҳли ва унинг атрофида ҳар кунги ҳарорат 40°Сдан ошмоқда, баъзан тушдан кейин 45°Сдан ҳам юқори кўтарилмоқда.

Бундай иссиқ тўлқинлари Ҳиндистон ёзларининг тобора одатий қисмига айланиб боряпти.

Мутахассислар айтишича, Деҳли каби шаҳарлар айниқса «шаҳар иссиқлик ороли эффекти» туфайли хавф остида, яъни бетон, транспорт ҳаракати ва яшил ҳудудлар камлиги иссиқни ушлаб қолиб, шаҳарларни атроф ҳудудларга қараганда анча иссиқ қилади.

Об-ҳаво хизмати ва Деҳли ҳукумати ҳам мунтазам равишда иссиқлик бўйича огоҳлантиришлар бериб келмоқда.

27 май куни Бош вазир Нарендра Моди X тармоғида одамларни кўпроқ сув ичишга, ташқарида сув олиб юришга ва айниқса болалар, кексалар ҳамда очиқ ҳавода ишлайдиганлар орасида иссиқлик чарчоғи аломатларига эътибор беришга чақирди.

Деҳли иссиқликка қарши ҳаракат режаларига эга шаҳарлардан бири ҳисобланади. Унда ранглар орқали белгиланган огоҳлантиришлар, туш пайтида қуёш таъсиридан сақланиш бўйича тавсиялар, сув тарқатиш нуқталари ва салқинлаш марказлари мавжуд.

Бироқ амалда бу тавсияларга амал қилиш кўп ҳолларда қийин. Ҳарорат кўтарилса ҳам, ижара пуллари тўланиши ва озиқ-овқат харид қилиниши керак.

50 ёшли Муҳаммад Умар эрталабдан гавжум йўл чорраҳаси яқинида Тук-тук велосипед-рикшаси ичида ўтириб, йўловчи кутаяпти.

Унинг айтишича, у деярли ҳеч қачон дам олмайди, аммо ўтган ҳафта иссиқ уни уйда қолишга мажбур қилди.

«Юрагим тез урди, танамда умуман куч қолмади. Ҳушимни сақлаш учун ўша куни камида беш марта чўмилгандирман", — дейди у.

Бироқ ишга чиқмасликнинг ҳам ўз нархи бор.

"Бир кун ишламасам, 500–700 рупия (тахминан 5–7 доллар) йўқотишим мумкин. Пул топмаган бўлсам ҳам овқат ва кундалик эҳтиёжлар учун пул тўлаш керак. Бу маблағ бизнинг кичик жамғармамиздан олинади", — дейди у.

Халқаро Меҳнат ташкилоти ҳисоботига кўра, иссиқлик стресси 2030 йилга бориб Ҳиндистонда умумий иш соатларини 5,8%гача қисқартириши мумкин ва бу энг кўп қишлоқ хўжалиги ҳамда қурилиш соҳасида очиқ ҳавода ишлайдиганларга таъсир қилади.

Lancet Countdown ҳисоботига кўра, 2024 йили Ҳиндистон иссиқлик туфайли тахминан 247 миллиард потенциал меҳнат соатини йўқотган ва бу 194 миллиард АҚШ долларига тенг иқтисодий йўқотиш деганидир.

Деҳли жазирамасида рикшаси ичида ўтириб дам олаётган эркак

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Деҳли жазирамасида рикшаси ичида ўтириб дам олаётган эркак

Шифокорлар айтишича, экстремал иссиқлик таъсирида узоқ вақт қолиш организмга жуда катта босим ўтказади, айниқса ўзини сояга олиш, салқинлаш ёки етарли миқдорда танасини сувлаб туриш имкониятига эга бўлмаган, узоқ соатлар давомида очиқ ҳавода ишлайдиганлар учун.

Гургаондаги Fortis шифохонаси ички касалликлар бўлими раҳбари доктор Сатиш Каулнинг айтишича, узоқ давом этган иссиқ тўлқинлари пайтида касалхоналар доимий равишда сувсизланиш, паст қон босими, буйракка ортиқча юк тушиши ва иссиқлик чарчоғи ҳолатларига учраган беморларни қабул қилади.

"Одамлар кўпинча эътибор бермайдиган дастлабки огоҳлантирувчи аломатлар қаторига бош айланиши, заифлик, бош оғриғи, кўнгил айниши ва шубҳали ҳолатлар киради», — дейди у.

«Агар инсон терлашдан тўхтаса, ўзини йўқота бошласа ёки ҳушидан кетса, бу тезда тиббий фавқулодда ҳолатга айланиши мумкин».

Iqtibos

Бироқ кунбай иш ҳақи билан кун кўрадиган кўплаб ишчилар учун иш тугагандан кейин ҳам иссиқликдан қутулиш деярли имконсиз.

Деҳлининг норасмий мигрант ишчи кучини ташкил қиладиган одамлар асосан тиқилинч, электр таъминоти ишончсиз, шамолланиши ёмон ва кондиционерсиз маҳаллаларда яшайдилар.

Бу ердаги уйлар, асосан, темир тунукалар ва пластик материаллардан қурилган бўлиб, улар кун давомида иссиқни ютиб, кечаси уни секин чиқаради.

Шифокорлар огоҳлантиришича, тунги пайтда ҳам ҳарорат юқори бўлиб қолса, тананинг тўлиқ тикланишига тўсқинлик қилиб, иссиқлик билан боғлиқ касалликлар айниқса хавфли тус олади.

«Агар тана уйқу пайтида етарлича совимаса, чарчоқ кун сайин тўпланиб боради», — деб қўшимча қилади доктор Каул.

Бу чарчоқ бундай маҳаллалардаги кундалик ҳаётни шакллантиради, чунки бу ердаги кўплаб оилалар жисмоний оғир меҳнат орқали тирикчилик қиладилар.

Эркаклар эрталаб барвақт очиқ ҳаводаги ишларга чиқадилар, кўплаб аёллар эса яқин атрофда кам ҳақ тўланадиган уй хўжалиги ишларини бажарадилар. Узоқ соатлик меҳнат билан бирга, кўплаб аёллар тор уйларда, иссиқдан деярли ҳеч қандай ҳимоясиз ҳолда, овқат тайёрлаш, болаларга қараш ва уй юмушларини ҳам бажарадилар.

2026-йил 11-май куни Ҳиндистоннинг Ню Деҳли шаҳридаги Жомеъ Масжид метро бекати яқинидаги махсус совутиш зонасида ёзги жазирамадан дам олаётган сайёҳ ва йўловчилар.

Сурат манбаси, Hindustan Times via Getty Images

Сурат тагсўзи, Ҳукумат одамлар салқинланиши учун жойлар тайёрлаб қўйган. Бироқ кунлик даромади фақат ҳаракатланишга боғлиқ бўлган камбағал одамларнинг бу жойларга кириб ҳордиқ чиқаришга имконлари йўқ

Кўпчилик салқинликни сақлаш учун бошини ёпиш, туз қўшилган сув ичиш ёки энг қаттиқ тушки қуёшдан қочиш учун иш вақтларини ўзгартиришга ҳаракат қиладилар — аммо бу чораларнинг самараси таъсири қисқа бўлади.

Болаларини боқиш учун йиллар давомида заводларда, майда дўконлар ва хусусий уйларда ишлаб келган 40 ёшли бева Санжида, май ойи ўртасида офтоб урганидан кейин кучли бош оғриғи ва иситма билан бир неча кун ётиб қолганини айтади.

"Қуёш эрталабданоқ қаттиқ қиздира бошлайди», — дейди у. «Уйларга етиб бориб, супуриш ва пол ювишни бошлагунимча, кийимларим аллақачон жиққа ҳўл бўлади. Айрим кунлари томларни ҳам тозалашимга тўғри келади, у ерда мармар поллар гўё ёниб тургандай бўлади".

Унинг иш берувчилари баъзан сув, лимонад ёки вентилятор олдида ўтириб дам олишни таклиф қилади.

"Лекин ҳарорат қандай бўлишидан қатъи назар, иш барибир бажарилиши керак", дейди у.