Кремлнинг Интернет жиловини сиқишидан россияликлар норозилар

Қуёш ботар маҳал Кремл фонида телефонига қараб турган аёл

Сурат манбаси, AP

    • Author, Stiv Rozenberg
    • Role, BBC Rossiya muharriri
  • Ўқилиш вақти: 6 дақ

Кремл яқинидаги президент маъмурияти биноси ташқарисида ўнлаб одам навбатда туриптилар.

Улар Президент Путиндан Интернетни бостиришни тўхтатиш талаби илгари сурилган петицияни топшириш учун келганлар.

Россия расмийлари мамлакат кибер макони устидан назоратни тобора кучайтирмоқдалар.

Глобал мессенжер аппликацияларига "кириш" чекланди, шунинг учун мобил Интернет иши бузилиши кенг тарқалди, ҳатто буткул ўчди ҳам.

Президентга петиция ёзиш қонуний. Аммо авторитар давлат бошинг устига ундан юқорисига чиқмаслигинг учун тўсиқ қўяди.

Ва бу нарсани одамлар ҳис қилаяптилар.

Кўчада хавфсизлик зобитлари петиция ташкилотчилари ва бизни видеога олишаяпти.

"Қўрқаяпсизми?", деб сўрайман мен навбатда турган Юлиядан.

"Жудаям қўрқаяпман. Қалтираяпман," жавоб қайтаради у.

Путин Интернет бузилиши рўй бераётганини тан олди. Буни "террорчилик хуружлари олдини олиш мақсадидаги амаалиёт иши" деб таърифлади.

У расмийларга ҳаётий муҳим Интернет хизматлари "узилишсиз фаолият юритиши"ни таъминлаш кўрсатмасини берганини айтди.

Кремл яқинида Интернет узилишига қарши Президент Путинга петиция ташкил қилиб, бу петицияни топшириш учун навбатда турган кишилар
Сурат тагсўзи, Россияликлар президентга қонуний петиция ташкил қилишлари мумкин. Бироқ бош тепасидаги тўсиқдан ошиш ҳақиқий хавфни юзага келтиради

Хизмат кўрсатиш ширкати соҳибаси бўлган Юлия Интернетни цензуралаш амаллари ўзининг бизнесига қандай таъсир кўрсатганини тушунтиради.

"Сайтимизга кириш имконсиз бўлиб қолган кунлар ҳам бўлди. Биз даромад қилолмай қолдик", дейди у.

"Ҳар доим Интернетга тўсиқ қўйишган, Telegram ва WhatsAppни блоклашган вақтида биз пул йўқотаяпмиз. Бизнесим тўла Интернетга боғланган. Агар Интернет бўлмаса, ишимизни давом эттиролмаймиз", дейди Юлия.

Россия расмийлари коммуникацияга чеклов қўйиш жамоат хавфсизлиги манфаатига хизмат қилади деб таъкидлайдилар. Уларнинг даъвосича, мобил Интернет ўчирилиши Украина дронларини йўлидан оғдиради, аммо дрон ҳужумлари Интернет тўлиқ ўчирилган ҳудудларда ҳам тўхтамаяпти.

Расмийлар глобал мессенжерларни Россиянинг маълумотларга оид қонунларига бўйсунмасликда айблайдилар. WhatsApp билан Telegram қаттиқ блокланаяпти. Айни пайтда давлат регуляторлари чекловларни четлаб ўтишга ёрдам берадиган VPNларни нишонга олаяптилар.

"Суверен Интернет"ни жорий этиш йўлидаги ҳаракат сифатида ҳукумат давлат қўллаб-қувватлаган Россиянинг ўзининг Мах мессенжерини тарғиб этаяпти.

Унга нисбатан эса жамоатчилик эҳтиёткор.

Юлия Грекова Стив Розенбергга ҳужжатларни кўрсатаяпти
Сурат тагсўзи, Юлия Грекова Интернет чекланишига қарши протест ташкил қилишга уринди, аммо расмийлар бунга йўл қўймадилар

"Кўпчилик, ҳукумат биз ёзган хабарларимизни текшириб туриш учун мессенжер ясаган, деб ўйлайди", дейди собиқ депутат, президентлик сайловларидан бирида ўз номзодини Путинга қарши илгари сурган Борис Надеждин.

Бундан ташқари, Россиянинг кўплаб ҳудудларида фақат ҳукумат маъқуллаган веб-сайт ва хизматлар мобил телефонда очилади.

Бу худди рақамли "Темир девор" қурилаётганга ўхшайди.

"Ғоя Россияни ташқи дунёдан узиб қўйиш. Чунки бу нарса россияликларнинг мияси учун заҳар деган ишонч бор", дейди мухолиф "Новая Газета" шарҳловчиси Андрей Колесников.

"Россия доим ўзини "ёмон, инқилобий, ҳур ғоялар" манбаи бўлган Ғарбдан тўсиб келган. Ҳар доим", дейди у.

Бироқ россияликлар рақамли замон ва Интернетга кирганидан кейин бу қадар кенг миқёсдаги кибер чеклов ва тўсиқлар қўйилиши айримларни ларзага солди.

"Гап сўз эркинлиги ҳақида эмас, одатлар ҳақида бораяпти", дейди фаол Юлия Грекова.

"Одамлар нарсалар учун пул тўлаш ва такси буюртма беришда мобил телефондан фойдаланишга кўникиб қолганлар. Автобусда ўтириб дўстларига хат-хабар ёзадилар. Иши учун, жамоат хизмати ёки яқинлари билан боғланиш учун мобил интернетдан фойдаланмайдиган одам бугун жуда кам. Шунинг учун бунга муносабат ғазабнок бўлаяпти. Бу нарса ҳаммага таъсир қилди", дейди Юлия Грекова.

Россия давлати маъқуллаган МAX мессенжери рекламаси

Сурат манбаси, MAX

Сурат тагсўзи, Кремл россияликларни давлат маъқуллаган МAX мессенжеридан фойдаланишга даъват қилаяпти, лекин кўпчилик МАХдан кузатиш учун фойдаланадилар деган хаёлда

Мен Москвадан 190 километр узоқликдаги Влдимир шаҳрида Юлия Грекова билан суҳбатлаашдим. У яқинда Интернет чекланишиг қарши юриш ташкил қилишга уринди.

"Биз расмийларга ариза топширдик ва тадбирни ўтказиш учун бир неча жойни таклиф қилдик. Улар бизга имконсиз деб жавоб қайтардилар, биз таклиф қилган 11 жойнинг ҳаммасида ўша куни кўчалар тозаланади, деган важ келтирдилар".

"Шаҳар ҳокимлиги муқобил жой ва вақтни таклиф қилди. Аммо кейинроқ Украина дронлари хавфи борлиги учун ўтказиб бўлмайди, дедилар".

Юлиянинг олдига полициядан келишди ва протест ўтказмаслик лозимлигидан огоҳлантирдилар.

"Улар мен ишлайдиган жойга бордилар. Полиция машинаси ва уч одам. Улар прокурордан расмий огоҳлантиришга имзо қўйганимни видеога олдилар. Мен ўзини худди террорчидек ҳис қилдим", дейди Юлия.

Оммавий норозилик ўтказиш мақсадидаги шунга ўхшаш аризалар Россиянинг ўнлаб шаҳарларида рад этилди. Москва вилояти расмийлари коронавирус хавотирини сабаб қилиб кўрсатдилар. Пенза расмийлари протест юришини ўтказиб бўлмайди, чунки ариза берилган жойда роликли конкиларда учиш дарслари режаланган, деб жавоб бердилар.

Iqtibos

Мен Владимир шаҳрида мобил телефонимни текширдим. Такси буюртма берадиган илова ишлаяпти, мен давлат матбуоти сайтларига кироламан. Бироқ Google қидируви ишламаяпти. Мустақил янгилик сайтлари ҳам очилмааяпти.

"Мулоқот қилиш қийин бўлиб қолди," дейди боласини сайрга олиб чиққан Мария. "Биз энг сўнгги хабарлардан воқиф бўлишни истаймиз. Унинг ўрнига биз ортда қолаяпмиз."

Биз тобора суҳбатлашган сайин Мариянинг гапиргиси келмаётгандек кўринади.

"Ўтмишда Интернет бўлмаган замонларда дунё ёруғ жой бўлиб кўринар эди. Чунки биз кам нарсани билардик", дейди у.

Россиянинг Украинага қарши уруши-чи?

"Мен унақа янгиликлардан ўзимни олиб қочаман. Мен улар билан бошимни тўлдиришни хоҳламайман. Биз ўлдирилган одамлар ҳақидаги янгиликлардан чарчадик", дейди Мария.

"[Интернет чеклангани] кундалик муаммоларни пайдо қилаяпти. Бугун бензин учун тўлолмадим. Навигатор тузук ишламаяпти," дейди Денис.

"Одамларнинг жаҳли чиқаяпти. Айниқса, кичик бизнес одамларининг. Чунки Интернет йўғида улар мижозларидан маҳрум бўлаяптилар", дейди Александр.

"Бу худди орқага қараб юришга ўхшайди, ўтмишга қараб судралиш", дейди Юлия Грекова.

A young man is seen using his mobile phone while sitting on a park bench on a clear day in Vladimir
Сурат тагсўзи, BBC жамоаси Владимир шаҳрига борганида Интернет чекланган эди

Россиянинг Интернетни бостираётгани ўтмишга қараб йўлми?

"Йўқ, ундай эмас," дейди Путин матбуот котиби Дмитрий Песков, мен Москвага қайтиб келиб унга боғланганимда.

"Жорий вазиятда хавфсизлик ҳисоб-китоби муайян чораларни талаб қилади. Бу чоралар кўрилаяпти ва бизнинг аксар фуқароларимиз буни тушуниш билан қабул қилаяптилар", дейди Дмитрий Песков.

"Интернет чекловлари кўп одамлар учун ноқулайлик туғдириши аниқ. Лекин биз ҳозир шундай даврдамиз. Бу каби чоралар ғойиб бўлганидан кейин хизматлар яна тўла қайта изига тушади, нормалга қайтади".

Бироқ чекловлар ва босимлар янги нормалликнинг бошланишига ўхшаяпти.

"Режим яна ортга қайтишга тайёр эмас, деб ўйлайман. Улар янада кўп қатағон йўлида олдинга кетадилар", деган хулосага келади журналист Андрей Колесников.

"Норозиликнинг ортиши расмийлар учун ёмон ва келажакка ҳам таъсир қилиши мумкин. Бу қандай шаклда бўлишини биз билмаймиз. Лекин ғазаб ва норозилик кучайиб бораётгани аниқ", дейди у.

Ва бу нарса юзада кўринади.

Яқинда россиялик машҳур блогер Виктория Боня Инстаграмда Россия президентига мурожаат эълон қилди. У Интернет бостирилиши ва Россиядаги бошқа ҳодисаларни танқид қилди.

Видео машҳур бўлиб кетди, уни ўн миллионлаб марта томоша қилдилар. Ўзининг монологида Виктория Боня Путинни тўғридан-тўғри айбламади. Лекин унга мурожаат қилиб деди: "Сиз билан биз - оддий одамлар ўртасида катта, қалин девор бор".

22 апрел куни Кемл раҳбари ёрдам беролмаслигини, бироқ Интернет тўсилиши оқибатида россияликлар дуч келаётган муаммоларга "эътибор қаратиши"ни айтди.

У ҳуқуқ-тартибот идораларидан "фуқароларнинг ҳаёти муҳим манфаатларини қондириш"да "ихтирочилик ва профессионализм" намойиш этишни талаб қилди.

Бу қарор бекор қилиниши эмас, чекловларга нуқта қўйилишига ишора йўқ эди.

Россиядаги охирги сўров Путиннинг рейтинги 2022 йил Украинага тўлақонли босқин бошлаганидан кейинги энг қуйи нуқтага етганини кўрсатди.

Омманинг безовталигига ёғ қуяётган фақат Интернет чекловлари эмас. Россияликларни иқтисодни аҳволи ўйлантираяпти ва Украина урушидан толиқиш ортиб бораяпти.

"Одамлар ўзларининг тиббиёт, озиқ-овқат нархлари ва Интернет билан боғлиқ муаммолари ва Владимир Путиннинг сиёсати ўртасида тўғридан-тўғри боғлиқлик борлигини тушуна бошладилар. Ва бу Россиядаги янги вазият", дейди Борис Надеждин.

Yulia wears overalls and a hairnet in am industrial kitchen with orange walls. A man in a chefs hat and apron walks behind her.
Сурат тагсўзи, Юлия ўзининг бизнеси мижозларнинг Интернетга уланганига боғлиқлигини айтаади

Президент маъмуриятига аризасини топширгандан кейин Юлия яна ўзининг ишига қайтди — у ўзининг умумий овқатланиш ошхонасида нон ёпмоқда.

У ўз позициясини очиқ билдирди, аммо бунинг бирор ўзгаришга олиб келишига ишончи комил эмас. У аллақачон интернетдаги чекловларга қандай мослашиш ҳақида ўйлаяпти. Юлиянинг айтишича, россияликларнинг катта ўзгаришларга мослашиш бўйича тажрибалари кўп.

«Катта бобом бойроқ одам бўлган. Совет қишлоғида бой бўлиш гуноҳ ҳисобланган. Унинг мол-мулкини тортиб оладилар ва Сибирга сургун қиладилар. Лекин оиласи мослашди".

«Ота-онам Совет Иттифоқи парчаланишини бошларидан кечирдилар: улар бозор иқтисодиётига мослашдилар. Энди навбат менда — мослашишим керак. Кейин эса навбат қизимга келади».

Юлия Россиядаги кейинги вазият ривожланишини қандай кўради?

"Келажак ҳақида дўстлар ва қариндошлар билан кундалик суҳбатларда умуман гапирилмайди», — дея тушунтиради у. «Гап шундай: уч кундан кейин нима қиламиз, бир ҳафтадан кейин, бир ойдан кейин? Бир ойдан узоғига ҳеч нарса режалаштирилмайди".

Мен печда кенгайиб, кўтарилаётган нонни кузатганимдек, Россия бўйлаб ҳам чуқур ва кенгайиб бораётган ноаниқлик ҳисси ўсиб бораяпти.