Жаҳон чемпионати: Баҳрайн 0-4 Ўзбекистон

Сурат манбаси, Reuters

Published

Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси иккинчи давра гуруҳ босқич саралаш беллашувларининг яна бир муҳим учрашувида баҳрайнлик рақибларини сафарда йирик ҳисобда мағлуб этди.

Икки рақиб миллий терма жамоа ўртасидаги "Н" гуруҳининг иккинчи босқич саралаш беллашувлари доирасидаги навбатдаги тур учрашуви Тошкент вақти билан кеч соат 20:00 да бошланди.

Манамада бўлиб ўтган ўйинда ҳисобни 52-дақиқада Игорь Сергеев очди.

Орадан бор-йўғи 4 дақиқа ўтгач, Одил Аҳмедов ҳисобни 0:2 га олиб чиқди.

Бунинг ортидан 62-дақиқада Сардор Рашидов ва 90(+4) дақиқада Элдор Шомуродовлар киритган тўплар муҳим учрашувда Ўзбекистоннинг мутлақ ғалабасини таъминлади.

2018 йили Россияда бўлиб ўтажак жаҳон чемпионатига йўлланма учун ўз курашини давом эттирмоқчи бўлса, Ўзбекистон қолган учрашувларида бирор бир очко йўқотмасликка ҳаракат қилиши лозим.

Бироз аввал гуруҳ босқич саралаш беллашувларининг 5-тур учрашувини ўтказган Шимолий Корея ва Филиппин эса, ўйинни 0:0 дуранг ҳисоби билан якунлади.

Бунинг ортидан, Филиппин "Н" гуруҳида учинчи ўринда қоладиган бўлди.

Ўзбекистон эса, 4 та ўйиндан 9 очко жамғарган ҳолда "Н" гуруҳида иккинчи ўриндаги мавқеини янада мустаҳкамлаб олди.

Гуруҳ пешқадами Шимолий Корея ҳисобида эса, 10 очко бор: Жамоа дастлабки ҳар учрашувини ғалаба билан якунлаган.

Сурат манбаси, AFP

Ўзбекистон эса, Баҳрайн билан сўнгги ўйинига қадар бир мағлубият ва икки ғалаба қайд этганди.

Шимолий Корея ва Филиппин ўртасидаги бугунги натижа Ўзбекистоннинг кейинги босқичга чиқиш имкониятларини анча яхшилаган.

Таъкидлаш керакки, гуруҳ пешқадамларигина кейинги босқич саралаш беллашувларига тўғридан-тўғри чиқиш ҳуқуқига эга бўлишади.

Иккинчи ўринни эгаллаган тўртта миллий терма жамоа эса, бунинг учун қолган рақибларидан яхшироқ натижа кўрсатган бўлиши лозим бўлади.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2014 йилги жаҳон чемпионати гуруҳ босқич саралаш беллашувларининг дастлабки - Осиё миқёсидаги плей-офф босқичигача борган, аммо ҳар икки ўйин натижасига мувофиқ, уни Иорданияга бой берганди.

Жамоага, ҳозирча, жаҳон чемпионатига чиқиш насиб этмаган.

Ўзбекистон ҳозир "Н" гуруҳида Шимолий Корея, Филиппин, Яман ва Баҳрайнга қарши тўп сурмоқда ва ҳозиргисидан ташқари, яна учта учрашув ўтказиши керак.

Эслатиб ўтиш жоиз, бу - футбол бўйича 2019 йилги Осиё Кубоги учун ҳам саралаш беллашувлари ҳисобланади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio