|
Россия-ОИ: Кун тартибида яна газ муаммоси | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Россия Президенти Дмитрий Медведев Украина билан яна бир газ инқирози вужудга келиши мумкинлигига ишора қилган. Иттифоқ раҳбарлари билан кечган олиймақом йиғин якунида сўзларкан, Россия раҳбари Украинанинг ўзларидан олаётган газга тўлаш учун етарлича пули йўқлигидан хавотирда эканини айтган. Жорий йилнинг январ ойида Россия Украинага газ таъминотини буткул кесиб қўйган ва бунинг ортидан бир қатор Оврўпо давлатлари ҳам зиён чекишганди. Ўз навбатида, сўнгги олиймақом йиғин чоғида Россия ва Оврўпо Иттифоқи раҳбарлари кун тартибида бўлган бирор бир масала юзасидан жиддий тўхтамга кела олишмаган. Мавжуд вазият эса, икки ўртадаги бўлинишнинг янада кенгайиб бораётганига далолат қилади. Ҳаммасига газ сабабчи Айниқса, энергия масаласи тезлик билан ўзаро зиддиятга сабаб бўлаётган энг асосий муаммога айланиб бормоқда. Чунки Россия ҳукумати яна Украина билан газ муаммоси вужудга келишига ишора этмоқда. Президент Медведевнинг айтишича, Украина Россия гази учун миллиардлаб доллар ҳақ тўлаб қўйишга қодир бўлмаслиги мумкин. Россия раҳбарининг айтишича, бўлажак муаммонинг олдини олиш учун Москва ва Оврўпо Иттифоқи Украинага қарз беришлари лозим. Украина томонига кўра, муаммо қилишга ҳеч бир ҳожат йўқ. Январ ойида юз берган газ инқирози ортидан иттифоқ Каспий ҳафзасида янги энергия манбаларини излашга тушган ва минтақа газини Оврўпога элтувчи янги газ қувури қуришга оид режаларни илгари сурмоқда. Россия эса бундан ниҳоятда хафа. Иттифоқ мулозимларидан бирининг Би-би-сига айтишича, жорий пайтда Россия билан газ қувурлари юзасидан "уруш" бормоқда. | ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||