Британиядан бошпана олиш учун қандай "гей"га айланишмоқда? Орасида ўзбекистонликлар ҳам борми? - (Видео)

Таниса
Сурат тагсўзи, Таниса билан илк маслаҳат унинг ётоқхонасида бўлиб ўтди
    • Author, Билли Кенбер
    • Role, BBC News
    • Author, Фил Кепм
    • Role, BBC News
  • Ўқилиш вақти: 7 дақ

BBCнинг аниқлашича, ҳуқуқий фирмалар ва маслаҳатчилардан иборат яширин тармоқ мигрантларга Буюк Британияда қолиш учун ўзини гей қилиб кўрсатишга ёрдам бериш эвазига минглаб фунт стерлинг талаб қилмоқда. Уларнинг орасида ўзбекистонликлар ҳам борми?

Кенг қамровли махфий суриштирувнинг илк қисмидан маълум бўлишича, визаси тугаш арафасида бўлган муҳожирларга сохта ҳикоялар тузиб берилади ва уларга сохта далиллар, жумладан қўллаб-қувватлов хатлари, фотосуратлар ва тиббий ҳисоботлар қандай олиниши ўргатилади.

Шундан сўнг улар Покистон ёки Бангладешга қайтса, ҳаёти хавф остида қолишини айтиб, ўзини гей деб кўрсатган ҳолда бошпана сўрайди.

Бизнинг хулосаларимизга жавобан, Ички ишлар вазирлиги: "Тизимдан фойдаланишга уринган ҳар қандай шахс қонун олдида жавоб беради, жумладан Буюк Британиядан чиқариб юборилади", деди.

Буюк Британиянинг бошпана тизими, ватанида хавф сабабли қайта олмайдиган шахсларга ҳимоя беради. Масалан, Покистон, Бангладеш ва Ўзбекистон каби давлатларда бир жинсли алоқалар ноқонуний ҳисобланади.

Бироқ BBC News суриштируви бу жараён ҳуқуқий маслаҳатчилар томонидан мамлакатда қолмоқчи бўлган муҳожирлардан ҳақ ундириш орқали тизимли равишда суиистеъмол қилинаётганини кўрсатди.

Бу одатда кичик қайиқларда ёки бошқа ноқонуний йўллар билан янги келганлар эмас, балки талабалик, иш ёки туристик визаси тугаган шахслардир.

Бу гуруҳ ҳозирда барча бошпана сўровчи аризаларининг 35 фоизини ташкил этади. 2025 йилда бу кўрсаткич 100 мингдан ошган.

BBC
Men sizga bir odamdan xat beraman, u bilan birga bir nechta rasmlar ham olamiz va o‘sha odam siz bilan jinsiy aloqa qilganini yozib beradi.
Tanisa Xon
Worcester LGBT maslahatchisi (Batafsil: bbc.com/uzbek)

Дастлабки далиллар, жумладан гувоҳлардан маълумотлар йиғилгандан сўнг, биз яширин мухбирларни муҳожирлик маслаҳатчилари сохта бошпана аризалари тайёрлашга қанчалик тайёр эканини текшириш учун юбордик.

Мухбирлар ўзини визаси тугаётган покистонлик ва бангладешлик халқаро талабалар сифатида таништирди.

Суриштирув натижаларида қуйидагилар аниқланди:

  • Бир юридик фирма сохта бошпана аризасини тайёрлаш учун 7000 фунтгача ҳақ сўради ва Ички ишлар вазирлиги рад этиши эҳтимоли "жуда паст" эканини айтди
  • Сохта бошпана изловчилар ўз ишларини кучайтириш учун шифокорларга депрессияга чалинганини айтиб, тиббий далил олишга борган, ҳатто бири ўзини ОИВ мусбат деб ёлғон ишлатган.
  • Бир иммиграция маслаҳатчиси 17 йилдан ортиқ вақт давомида сохта ишлар билан шуғулланганини айтиб мақтанган ва мижоз билан гей жинсий муносабатда бўлган одамни ҳам топиб беришини айтган
  • Бизнинг яширин мухбирга у Британияда бошпана олгандан кейин Покистондан хотинини олиб келиши ва кейин у ҳам ўзини лесбиян қилиб кўрсатиб сохта ариза топшириши мумкинлигини айтган.
  • Бошқа фирма билан боғлиқ юрист яширин мухбирга одамларга ўзини гей ёки атеист қилиб кўрсатиш орқали бошпана олишга ёрдам берганини айтган. У 1500 фунт эвазига сохта ариза тайёрлашни, яна 2000–3000 фунтга далиллар ясашни таклиф қилган.

"Бу ерда ҳеч ким гей эмас"

Сешанба кечаси Лондон шарқидаги Бектоннинг сокин ҳудудида жойлашган жамоат марказида 175 дан ортиқ киши бир тадбирга йиғилди.

Айримлар Жанубий Уэлс, Бирмингем ва Оксфорддан келган. Тадбирни Worcester LGBT ташкилоти ташкил этган бўлиб, у ўзини гей ва лесбиян бошпана изловчиларни қўллаб-қувватлаш гуруҳи деб таърифлайди.

Worcester LGBT ташкил қилган тадбирда 175дан ортиқ киши қатнашди
Сурат тагсўзи, Worcester LGBT ташкил қилган тадбирда 175дан ортиқ киши қатнашди

Гуруҳ сайтида фақат ҳақиқий гей бошпана изловчилар қабул қилиниши айтилган.

Бироқ марказдан кўчага чиққан эркаклар бизнинг яширин мухбирга бу ердаги ҳолат аслида бошқача эканини очиқ тан олди.

"Бу ердагиларнинг кўпчилиги гей эмас," деди Фаҳар исмли эркак.

Зишан деб таништирган яна бир киши эса бундан ҳам ўтадиган гап айтади:

"Бу ерда ҳеч ким гей эмас. Ҳатто 1 фоиз ҳам эмас. Ҳатто 0,01 фоиз ҳам эмас".

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Яширин мухбиримизнинг бу гуруҳ йиғилишига бориши феврал охирида бошланган. У Бирмингем ва Лондонда жойлашган Law & Justice Solicitors фирмасида ишлайдиган юрист ёрдамчиси Мазедул Ҳасан Шакилга мурожаат қилган.

Шакил ҳуқуқий ишлар билан бирга Worcester LGBT асосчиси ва раиси ҳам ҳисобланади. Яқин вақтгача у гуруҳ сайти орқали ўз юридик хизматларини реклама қилган.

Қисқа телефон суҳбати давомида Шакил яширин мухбирга бошпана сўраш учун таъқибдан қўрқиши кераклигини айтган ва унда бундай асос кўрмаётганини билдирган.

Бироқ бир неча соатдан кейин мухбирга Таниса деб таништирган аёл қўнғироқ қилди.

Суҳбат урду тилида давом этар экан, у мухбирга мамлакатда қолишга ёрдам беришга анча қизиқиш билдирди ва уни гей сифатида бошпана сўрашга ундади.

Мухбир гей эмаслигини айтганда, у: "Менга қара. Бу ерда ҳеч ким ҳақиқий эмас. Бу ерда ҳозир яшаб қолишнинг ягона йўли — ҳамма қилаётган усулни қўллаш", деди.

У мухбиримизнинг рақамни унга ким берганини айтмади, аммо унинг WhatsApp расми ва исми Таниса Хон эканини аниқладик. У Worcester LGBT маслаҳатчиси экан.

"Тўлиқ пакет"

Ўша куни кечқурун мухбир Лондон шарқидаги Форест Гейтга бориб, Таниса билан учрашди.

Биринчи учрашув юридик офисда эмас, балки унинг уйида, ётоқхонасида бўлиб ўтди.

"Ҳозир визани олиш учун фақат битта йўл бор," деди у.

"Бу — бошпана визаси. У инсон ҳуқуқларига асосланади ва гей иши ёки бир жинсли алоқа, деб аталади. Бошқа визалардан умид йўқ".

Таниса бу жараён меҳнат талаб қилишини таъкидлади — мухбир Ички ишларда интервю учун сохта ҳикояни ёдлаб олиши керак эди.

"Имтиҳондан сиз ўтасиз. Мен сизга ҳаммасини тайёрлаб бераман," деди у.

Танисанинг ётоқхонасида 45 дақиқа давомида бўлиб ўтган суҳбат айрим сохта бошпана аризаларидаги алдов қанчалик мураккаб бўлиши мумкинлигини — ва шу сабабли уни мансабдорлар учун аниқлаш қанчалик қийин эканини кўрсатди.

Бошпана изловчилар аввал Ички ишлар вазирлигида дастлабки текширув интервьюсидан ўтади, сўнгра бир неча соат давом этадиган батафсил "асосий интервю" бўлиб ўтади ва унда уларнинг даъволари чуқур текширилади.

Ички ишлар вазирлигининг бошпана аризасини рад этиш қарорлари судда баҳс қилиниши ва ҳатто бекор қилиниши мумкин.

"Инсон гей эканини текшириб аниқлашнинг иложи йўқ," деди Таниса бизнинг яширин мухбирга.

"Энг муҳими — сиз нима дейсиз. Сиз шунчаки 'мен гейман ва бу менинг ҳақиқатим' деб айтишингиз керак.

Бу ерда сизга ўхшаган, аслида гей бўлмаган, лекин виза олиш учун ариза топшираётган одамлари бор кўплаб ташкилотлар мавжуд. Сиз ёлғиз эмассиз," деб уни тинчлантирди у.

Сўнг у алдов қандай амалга оширилишини тушунтирди.

"Биз қўллайдиган усул шундай: мен сизни суҳбатга тўлиқ тайёрлайман — сиз учун кенг қамровли пакет тайёрлайман, унга клубларда тушган фотоларингиз, турли қўшимча далиллар, ташкилот хати ва қўшимча тавсия хатлари киради. Шундай қилиб, сиз интервюга кирганингизда тўлиқ тайёр бўласиз".

Таниса, 17 йилдан ортиқ вақт давомида сохта аризалар билан шуғулланганини айтиб, ЛГБТ тадбирларда олинган фотолар ва улар учун сотиб олинадиган чипталар ариза учун далил сифатида хизмат қилишини тушунтирди.

"Мен сизга бир одамдан хат бераман, у билан бирга бир нечта фотолар ҳам оламиз ва ўша одам сиз билан жинсий алоқа қилганини ёзиб беради," деб қўшимча қилди у.

Танисанинг хизмати бепул эмас эди — унинг нархи 2500 фунт бўлиб, агар бизнинг мухбирнинг аризаси Ички ишлар вазирлиги томонидан рад этилса ва иш судгача етиб борса, харажат яна ошиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Унинг айтишича, муваффақиятли ариза қилинган меҳнатга арзийди.

"Сиз бу ерда яшайсиз, ишлайсиз ва нафақа олиш ҳуқуқига ҳам эга бўласиз".

Аммо агар у Ички ишлар вазирлигига ўзини гей деб айтган бўлса ва аризаси қондирилса, Покистондаги хотини учун бу нимани англатади, деб сўради мухбир.

"Агар уни бу ерга чақирсангиз, унга ҳам бошпана сўраймиз. У (хотинингиз) келгач, уни лесбиян қиламиз."" деб жавоб берди Таниса.

Далил тақдим этиш

Таниса расман рўйхатдан ўтган муҳожирлик маслаҳатчиси эмас ва шу сабабли унинг муҳожирлик бўйича маслаҳат бериши ноқонуний ҳисобланади.

У ўша куни эрталаб қўнғироқ қилинган адвокат ёрдамчиси билан алоқаси ҳақида аниқ гапиришдан тийилди ва фақат у билан ишлашини айтди.

"Юристлар ва шунга ўхшашлар сизга йўл кўрсатиши керак. Аммо амалий ишларни улар қилмайди," деди у, бу билан эҳтимол далилларни сохталаштиришни назарда тутган.

"Бу ишларни биз қиламиз."

Бироқ унинг Шакил билан алоқалари кейинги икки учрашувда янада ойдинлашди. Бу учрашувлар Шакил ишлайдиган Law & Justice юридик фирмасининг Илфорддаги офисида бўлиб ўтди.

"Мен бир юрист билан ишлайман, шунинг учун унинг офисидан фойдаланаман," деб тушунтирди у.

Учрашувлардан бирида яширин мухбир Таниса билан таништиргани учун Шакилга раҳмат айтиш мақсадида у билан учрашишни сўради. Уни қўшни хонага олиб кирилди ва Шакил билан қўл бериб кўришди.

Таниса шунингдек Worcester LGBT ташкилотининг ролини тушунтирди. У уни "бизнинг ташкилот" деб атади ва унинг сайтида "Ички ишлар вазирлиги томонидан расман тан олинган… Буюк Британия бўйлаб LGBT+ бошпана изловчиларни қўллаб-қувватлашдаги ҳиссамиз эътироф этилган" деб ёзилганини айтди.

У мухбирга апрел бошида бўлиб ўтадиган навбатдаги йиғилишда қатнашиши шартлигини айтди ва у ерда ўзига ўхшаган сохта ариза қилувчилар ҳамда "ҳақиқийлари ҳам" бўлишини билдирди.

"Бу йиғилиш жуда муҳим, чунки сиз Ички ишлар вазирлигига, агар гей бўлсангиз, ҳақиқатан ҳам гей ташкилотига аъзо эканингизни исботлайдиган далил тақдим этишингиз керак," деди у.

У, Worcester LGBT ариза учун далил сифатида ишлатиш мумкин бўлган хат бериши мумкинлигини айтди.

"Сиз бизнинг аъзомиз, ҳақиқий аъзо, биз билан боғлиқ ва шахсан танийдиган инсон эканингизни тасдиқловчи хат берамиз. Бундай далил жуда кучли ҳисобланади".

Биз ўз видеоматериалларимизни 30 йиллик тажрибага эга муҳожирлик ҳуқуқи бўйича мутахассис юрист Ана Гонсалесга кўрсатдик. У Таниса очиқча қонунбузарлик қилаётганини, "бу одамга бериш учун даъво тўқиб чиқариш орқали фирибгарлик содир этаётганини" айтди.

"Бундай одамлар ҳақиқий бошпана изловчилар ва қочқинлар учун вазиятни янада оғирлаштирмоқда," деди Гонсалес.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз: and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

BBC News Танисага яширин мухбирга айтган гаплари юзасидан мурожаат қилганидан сўнг, у бу ҳолатни "тушунмовчилик" деб баҳолади ва урду тилини яхши билмаслигини айтди. У мухбирга сохта ариза беришни маслаҳат берганини ёки сохта далиллар тайёрлашни таклиф қилганини рад этди.

Шакил эса яширин мухбирнинг маълумотларини Танисага берганини, аммо у сохта бошпана аризаси тайёрлашни таклиф қилишини билмаганини айтди.

Унинг сўзларига кўра, Worcester LGBT бошпана аризалари учун сохта далиллар тайёрламайди ва қўллаб-қувватламайди, шунингдек кимнинг гей эканини аниқлаш ташкилотнинг вазифаси эмас.

Шакилнинг қўшимча қилишича, Worcester LGBT Танисанинг ҳаракатлари бўйича ички текширув ўтказмоқда ва у ташкилотда қарор қабул қилиш ваколатига эга эмас.

Law & Justice Solicitors эса Танисанинг фирма билан ҳеч қандай профессионал алоқаси йўқлигини ва Лондондаги офисига "рухсатсиз кириш эҳтимоли" бўйича текширув ўтказаётганини билдирди.

Компания шунингдек, бизнинг яширин мухбир ҳеч қачон фирманинг мижози сифатида рўйхатга олинмаганини айтди.

Аризаларнинг қанчаси сохта?

Бошпана аризаларининг қанчаси сохта эканини аниқлаш қийин.

Бироқ Ички ишлар вазирлиги статистикаси жинсий ориентация асосидаги аризаларда покистонликлар улуши номутаносиб даражада юқори эканини кўрсатади.

2023 йилда, энг сўнгги маълумотларга кўра, 3430 та ЛГБТ бошпана иши бўйича дастлабки қарорлар қабул қилинган ва қарийб 1400 та янги ариза жинсий ориентация асосида берилган.

Уларнинг тахминан 42 фоизи покистонликлар ҳиссасига тўғри келган ва сўнгги беш йил давомида ҳам айнан улар энг кўп бундай аризаларни берган.

Айни йилда покистонликлар барча бошпана аризалари орасида фақат тўртинчи ўринда бўлган ва умумий аризаларнинг 6 фоизини ташкил этган.

Жинсий ориентация асосидаги бошпана аризалари бўйича сўнгги маълумотлар мавжуд эмас.

Бироқ Ички ишлар вазирлиги статистикачилари сўнгги йилларда Покистон, шунингдек Бангладеш ва Ҳиндистондан талабалик ёки иш визалари билан келган муҳожирлар орасида бошпана сўровлари кескин ошганини қайд этган.

2023 йилда жинсий ориентация асосида таъқибдан қочаётганини айтган бошпана изловчиларнинг қарийб учдан икки қисмига дастлабки босқичдаёқ ижобий қарор берилган.

Ўзбекистонликлар ҳам борми?

BBC Ўзбек хизматининг манбалари Ўзбекистондан келиб бошпана сўровчилар орасида ҳам жинсий ориентациясини сабаб қилиб кўрсатувчилар олдиндан бўлиб келганини айтишади.

Исми сир қолишини истаган шу соҳага яқин мутахассиснинг айтишича, сўнгги вақтларда ўзбекистонликлар орасида ўзини гей деб кўрсатувчи бошпана сўровчилар сони ортган.

BBC Ўзбек ўзбекистонликлар ҳақидаги бу иддоаларни расмий ва мустақил манбалардан текширмади.